Ўзбекистон глобал иқтисодий ҳамкорлик ва кафолатланган капитал марказига айланмоқда
Бешинчи бор ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми ўзининг кенг кўлами ва юқори нуфузи билан, шубҳасиз, бугунги кунда халқаро даражадаги энг муҳим ва нуфузли иқтисодий анжуманлардан бирига айланди.
Иқтисодий дипломатиянинг ушбу йирик платформаси қисқа фурсатда мисли кўрилмаган ривожланиш йўлини босиб ўтди. Далил сифатида рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йилда ташкил этилган илк форумда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 1000 га яқин меҳмон ва инвесторлар иштирок этган бўлса, бу галги анжуманда дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатидан 10 мингдан ортиқ хорижлик вакиллар, йирик корпорациялар ва халқаро молиявий институтлар раҳбарлари қатнашди. Бу эса Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқлик ва инвестициявий жозибадорлик сиёсатига хорижий ишбилармон доираларнинг ишончи нечоғли юқори эканини яққол намойиш этади.
Форумнинг ялпи мажлисида иштирок этган давлатимиз раҳбари ўз маърузасида инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва ҳимоя тизими янги босқичга олиб чиқилишини алоҳида таъкидлаб, эндиликда сармоядорлар ҳуқуқлари халқаро миқёсда эътироф этилган илғор механизмлар орқали ҳимоя қилинишини маълум қилди. Хусусан, ҳуқуқий мақоми ва кафолатлари мамлакат Конституцияси билан мустаҳкамланадиган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишлар шу кунларда янада жадаллашди. Мазкур марказ Англия ва Уэльс ҳуқуқига асосланган махсус тартиб-тамойиллар асосида фаолият юритади. Бу эса иштирокчилар учун ўта жозибадор солиқ тизими яратилишини, ҳисоб-китобларнинг исталган чет эл валютасида эркин амалга оширилишини ҳамда бутунлай мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилишини англатади. Умуман олганда, марказ қатнашчилари Ўзбекистоннинг ўзида туриб кафолатланган халқаро ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади ва ушбу янги тизим хориж сармоядорлари учун улкан имкониятлар эшигини очади. Иқтисодий ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент халқаро молия маркази 2030 йилга бориб мамлакат иқтисодиётига қўшимча 20-25 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш қувватига эга бўлади. Натижада ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизгача қўшимча ўсиши таъминланади, 15 мингтагача янги юқори малакали иш ўринлари яратилиб, 10 минг нафар маҳаллий мутахассиснинг халқаро даражада малакасини оширишга замин ҳозирланади.

Президентимиз ўз нутқида Ўзбекистоннинг нуфузли молиявий институтлар ва чет эл сармоядорлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, олтинчи устувор йўналиш сифатида ҳудудларни ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги, бунда эса туризм ва замонавий агросаноат тармоқлари стратегик аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида юртимизга келаётган хорижий туристлар оқими 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллион нафарга етди ва Ўзбекистон халқаро сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган глобал бешта давлатдан бири сифатида эътироф этилди. Юртимизда ички имкониятлар даражасида ҳар йили 15-20 миллион нафар хорижлик сайёҳни қабул қилиш ва камида 15 миллиард долларлик туризм хизматларини кўрсатиш салоҳияти мавжуд. Шу боис, хорижлик инвесторлар нафақат Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги янги туристик ва рекреацион лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этишга таклиф этилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда анъанавий қишлоқ хўжалигини илғор ва юқори даромадли агробизнес тармоғига айлантириш бўйича ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Соҳада тизимли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида 71 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Кўрилган амалий чоралар натижасида ўтган йили озиқ-овқат саноатида 142,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 107 фоизни ташкил этди. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ, аграр тармоқда 1,3 миллион нафар доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон дунёнинг 70 дан ортиқ давлатига йилига 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиб, жаҳон бозорида ўз маҳсулот "бренди" ва нуфузига эга бўлди. Мамлакатимиз нафақат қарийб 40 миллионлик аҳолисини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш, балки ҳосилдорликни янада ошириш, экологик тоза ва органик маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш орқали яқин истиқболда экспорт ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни ўз олдига катта марра қилиб қўйган.
Албатта, бундай улуғвор ва стратегик мақсадларга эришишда хорижий инвестициялар ва илғор технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, мазкур нуфузли инвестиция форумида мамлакатимизнинг барча 14 та ҳудуди раҳбарлари ҳам бевосита иштирок этди. Бу эса чет эл сармоядорлари учун маҳаллий раҳбарлар ҳамроҳлигида Ўзбекистоннинг турли вилоятларига жойларга чиққан ҳолда ташриф буюриш, ҳудудларда яратилаётган кенг имкониятлар ва инфратузилма билан бевосита танишиш, яқиндан тажриба алмашиш ҳамда ўз технологиялари ва капиталлари билан ўзаро манфаатли, истиқболли қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этиш учун ноёб ва қулай имконият яратди.
Нигора Лутфуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати