Ёшлар бандлиги: рўйхат эмас, натижа муҳим
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш уларга шунчаки иш ўрни эмас, балки қобилияти, қизиқиши ва салоҳиятига мос даромад манбаини яратишни тақозо этади. Бекобод шаҳрида ўтказилган йиғилишда ана шу ёндашув асосида ҳар бир битирувчининг бандлик масаласини аниқ ҳал этишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Бекобод шаҳар ҳокимлигида ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига бағишланган йиғилишда шаҳар ҳокими Наримонжон Исмаилов, масъул ташкилот ва идоралар раҳбарлари, солиқ органлари вакиллари ҳамда битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ташкил этилган штаб аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда ёшларни шунчаки рўйхатга олиш эмас, балки ҳар бир битирувчининг аниқ ҳолатини ўрганиш, уни доимий ишга жойлаштириш, ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорликка йўналтириш ёки касб-ҳунарга ўқитиш орқали барқарор бандлигини таъминлаш асосий вазифа сифатида белгиланди.

Шу мақсадда шаҳарда 17–30 ёшдаги 790 нафар битирувчининг бандлик ҳолати ўрганилди. Таҳлилларга кўра, уларнинг 314 нафарини мактаб, 297 нафарини касбий таълим, 179 нафарини олий таълим муассасалари битирувчилари ташкил этади.
Ўрганишлар натижасида битирувчиларнинг 251 нафари ишсиз, 115 нафари эса норасмий банд экани аниқланди. Демак, 366 нафар ёш билан манзилли ишлаш, уларга аниқ иш ўрни ёки барқарор даромад манбаини топиш талаб этилмоқда.
Шу билан бирга, касб ёки мутахассисликка эга бўлмаган мактаб битирувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, рақобатбардош касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёшларни Бекобод шаҳар 1-сон техникумида ташкил этилган ўқишларга жалб қилиш белгиланди. Бу борада ягона ёндашув асосида иш олиб борилади: касби бор ёшга — иш, бизнес ғояси бор ёшга — лойиҳа ва молиявий кўмак, касбга эга бўлмаган ёшга эса — замонавий касб ўрганиш имконияти.

Йиғилишда, шунингдек, 165 нафар ёш таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттираётгани, 20 нафари меҳнат миграциясида, 18 нафари эса бола парваришида экани қайд этилди.
Муҳокамалар давомида ҳар бир рақам ортида аниқ инсон тақдири тургани, шу боис ёшлар билан ишлашда расмиятчиликка йўл қўймасдан, манзилли ва натижага йўналтирилган ёндашув зарурлиги таъкидланди.
Жумладан, 251 нафар ишсиз битирувчининг ҳар бирига 15 октябрга қадар камида битта аниқ иш ўрни ёки бизнес-лойиҳа таклиф этиш, 115 нафар норасмий банд ёшни ўзини ўзи банд қилиш ёки якка тартибдаги тадбиркорликка жалб қилиш, меҳнат миграциясидаги ёшларга қонуний меҳнат ёки маҳаллий иш ўринларини таклиф этиш вазифалари белгиланди.
Маҳалла банкирлари таклиф этилган лойиҳалар бўйича имтиёзли кредит олиш жараёнида ёшларга амалий кўмак кўрсатади. Солиқ инспекторлари эса ҳар бир ёшнинг бандлиги расмийлаштирилиши ва лойиҳаларнинг амалда ишга тушишини назорат қилади.
Штаб котибиятига 790 нафар битирувчи бўйича ягона реестр юритиш, маълумотларни ҳар ҳафта янгилаб бориш ва натижаларни мунтазам таҳлил қилиш вазифаси юклатилди.
— Асосий мақсад — 790 нафар ёшнинг ҳар бирини ўз имконияти ва салоҳиятига мос йўналишга жалб этиш. Энди натижа рўйхатдаги рақамлар билан эмас, ишга жойлашган, тадбиркорлик бошлаган, ўзини ўзи банд қилган ёки талаб юқори бўлган касбни эгаллаган ёшлар сони билан баҳоланади, — дейди Бекобод шаҳар ҳокими Наримжон Исмаилов.
Шу тариқа, Бекободда ёшлар бандлигини таъминлашда рақамларни шакллантиришдан натижа яратишга, умумий ёндашувдан эса ҳар бир ёш билан манзилли ишлаш тизимига ўтилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА