Касбий таълимнинг ҳақиқий натижаси иш ва даромадда кўринади
Ёш техникумга кирди — касб ўрганди, назарий билим ва амалий кўникмаларни эгаллади. Қўлига диплом олгач эса, уни янада муҳим синов кутмоқда: меҳнат бозорига кириш ва ўзи танлаган касб бўйича иш топиш. Аммо асосий савол айнан шу ерда бошланади: диплом олган ёш ўз касби бўйича ишлаяптими? Олган билими ва кўникмаларини амалда қўллай оляптими? Энг муҳими, танлаган касби унга барқарор даромад келтиряптими? Чунки касбий таълимнинг ҳақиқий натижаси дипломнинг ўзи эмас, балки унинг ортидан келадиган иш, касбий маҳорат ва даромаддир.
Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда касбий таълим тизимидаги шароит, таълим сифати, амалий тайёргарлик ва битирувчилар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилди.
Айни пайтда вилоятдаги 27 та техникумда қарийб 14 минг нафар ёш касб-ҳунар ўрганмоқда. Уларнинг 22 фоизга яқини дуал таълимга жалб этилган. Бу тизимнинг моҳияти шундаки, ёш фақат аудиторияда назарий билим олибгина қолмай, ўқиш билан бирга корхонада иш жараёнини ҳам ўрганади, реал меҳнат муҳитига мослашади ва касбий кўникмаларини амалда шакллантиради. Бироқ бу кўрсаткич ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Масалан, Гулистон шаҳрида дуал таълим қамрови атиги 5,9 фоизни ташкил этади. Демак, касбий таълимда фақат ўқувчилар сонини оширишнинг ўзи етарли эмас. Энг асосийси — уларга берилган таълимнинг меҳнат бозорида қанчалик талаб юқори экани ва ёшнинг ўқишдан кейин ишга тайёр мутахассис бўлиб чиқишидир.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам ёшларга диплом бериш билан чекланиб бўлмаслиги, улар эгаллаган касби орқали иш топиши ва барқарор даромад олиши муҳимлигини таъкидлади. Зеро, касбий таълимнинг натижаси қоғоздаги диплом билан эмас, унинг ёш ҳаётида қандай самара бериши билан ўлчанади.

Айрим техникумларда эса бу борада ҳали ечимини кутаётган масалалар талайгина. Масалан, Ховосдаги 3-сон техникумда бир нафар устозга 58 нафар ўқувчи тўғри келмоқда. Касбий таълимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда ўқувчига фақат назарий маълумот беришнинг ўзи кифоя эмас. Унинг ишлаш жараёнини кузатиш, хатоларини кўрсатиш, амалиётда тўғри йўлни ўргатиш ва индивидуал ёндашув талаб этилади.
Шундай шароитда бир устознинг 58 нафар ўқувчи билан самарали ишлаши қанчалик мумкин? Ҳар бир ёшнинг қобилияти, қизиқиши ва касбий тайёргарлигини алоҳида назорат қилишга етарлича вақт топиладими? Бу саволлар касбий таълим сифатига бевосита таъсир қилади.
Ховос туманидаги 2-сон техникумдаги ҳолат эса дуал таълимни ташкил этишдаги яна бир муаммони кўрсатади. Зоомуҳандислик йўналишида 29 нафар ўқувчи дуал таълимда таҳсил олмоқда. Бироқ бу йўналиш бўйича бирорта корхона билан шартнома тузилмаган. Шунда савол туғилади: дуал таълимда ўқиётган 29 нафар ёш қаерда иш ўрганяпти? Ким уларга касбнинг амалий сирларини кўрсатяпти?
Агар ўқувчи корхонага кириб, ҳақиқий иш жараёнини кўрмаса, замонавий техника ва технологиялар билан ишлашни ўрганмаса, меҳнат жамоаси муҳитига мослашмаса, дуал таълимнинг асосий мақсади тўлиқ амалга ошмайди.
Касбий таълимда яна бир муҳим масала — педагоглар салоҳияти. Вилоятдаги техникум педагогларининг 15 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. Бугунги меҳнат бозори кечагидан фарқ қилади. Технологиялар янгиланмоқда, ишлаб чиқариш жараёнлари ўзгармоқда, янги касблар ва янги талаблар пайдо бўлмоқда. Бундай шароитда ўқитувчининг ўзи ҳам доимий равишда билим ва малакасини ошириб бориши зарур.
Техникумларга замонавий ва қимматбаҳо ускуналар олиб берилаётгани, албатта, муҳим. Аммо ускунанинг ўзи таълим сифатини белгилаб бермайди. Уни ишлата оладиган, технологиянинг имкониятларини яхши биладиган ва бу кўникмани ўқувчига ўргата оладиган мутахассис бўлмаса, энг замонавий жиҳоз ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин. Шу маънода касбий таълимга киритилаётган инвестиция фақат бино ва жиҳозларга эмас, аввало, малакали педагоглар ва амалиётчи мутахассисларни тайёрлашга ҳам йўналтирилиши керак.
Масаланинг энг муҳим томони эса битирувчилар бандлиги билан боғлиқ. Ўтган ўқув йилида вилоят бўйича техникум битирувчиларининг 62 фоизи банд қилинган. Аммо айрим ҳудудларда вазият анча мураккаб. Хусусан, Мирзаобод туманида битирувчиларнинг атиги 27 фоизи иш билан таъминланган.
Тикувчилик йўналишини битирган 47 нафар ёшдан фақат етти нафари банд қилинган. Бу рақамнинг ўзиёқ муаммонинг кўламини кўрсатади. Бироқ масаланинг яна бир қизиқ томони бор: «OSON ISH» платформасида шу тумандаги корхоналар томонидан тикувчилик бўйича 20 дан ортиқ бўш иш ўрни эълон қилинган.
Демак, бу ерда муаммо фақат иш ўрнининг йўқлиги билан изоҳланмайди. Иш берувчига ходим керак, касб эгаси бўлган ёш эса иш изламоқда. Аммо улар ўртасидаги боғлиқлик етарлича йўлга қўйилмаган. Бу эса касбий таълимдан кейинги энг муҳим босқич — битирувчини меҳнат бозорига олиб кириш механизмларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Ёшнинг диплом олгани билан иш қидириш муаммоси ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Унинг малакаси, қизиқиши, яшаш ҳудуди ва касбига мос иш ўрнини топиш, иш берувчи билан мулоқотини йўлга қўйиш, зарур ҳолларда қайта тайёрлаш ёки қўшимча кўникмалар бериш талаб этилади. Шу боис масъулларга ҳар бир ишсиз битирувчи билан алоҳида ишлаш, унинг касби, малакаси ва қизиқишидан келиб чиқиб, ишга жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Аслида бу ёндашув касбий таълим тизимидаги қарашларнинг ўзгаришини талаб қилади. Энди «Қанча нафар ёш ўқишга қабул қилинди?» деган саволнинг ўзи етарли эмас. «Қанчаси касб эгаллади?», «Қанчаси амалиётда ишлай олади?», «Қанчаси диплом олгач, ўз касби бўйича ишга жойлашди?» деган саволларга ҳам аниқ жавоб керак.
Чунки техникум эшигидан кирган ёшнинг мақсади фақат диплом олиш эмас. У ҳаётда ўз ўрнини топиш, меҳнати билан даромад олиш ва мустақил ҳаёт қуриш учун касб ўрганмоқда. Шунинг учун касбий таълимнинг энг катта кўрсаткичи ҳам умумий ҳисоботдаги рақамлар эмас, балки ишли ва даромадли битирувчидир.
Бугун техникумларда 14 мингга яқин ёш касб ўрганмоқда. Эртага уларнинг ҳар бири меҳнат бозорига чиқади. Уларнинг қанчаси ўз касби бўйича иш топиши, қанчаси олган билимини амалда қўллаши ва қанчаси барқарор даромадга эга бўлиши — касбий таълим тизимининг ҳақиқий натижасини кўрсатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири