Ёшлар бандлиги масаласи қандай ҳал этилмоқда?
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 9 мингга яқин маҳаллаларда 18-30 ёшдаги 5 миллион 451 минг нафардан зиёд ишсиз ёшлар билан мулоқот ўтказилди.
Ёшлар билан олиб борилган ўрганишлар натижасида 648 минг 494 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар, психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар ҳамда ишсиз ёшлар каби 4 тоифа бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилди.
Бугунги кунга қадар ушбу рўйхатга киритилган ёшларнинг 15 минг 61 нафари ишга жойлаштирилди. 3 минг 222 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаган бўлса, 6 минг 188 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. 11 минг 20 нафар ёшлар “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорларга, 2 минг 491 нафари эса "Устоз-шогирд" анъанаси доирасида уста-ҳунармандларга бириктириш орқали бандлигини таъминланди. 15 минг 691 нафарининг ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммолари ҳал этилди.
– 2021 йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан ишлашнинг устувор вазифалари белгилаб олинди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги бош мутахассиси Муҳаммадбобур Манасов. – Хусусан, 277 минг 340 нафар ёш корхона-ташкилотларга ишга жойлаштирилади, 103 минг 95 нафарининг тадбиркорликка кўмаклашиш орқали бандлиги таъминланади. 77 минг 900 нафари касб-ҳунарга ўқитилади. 68 минг 272 нафари "Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор" тамойили асосида тадбиркорларга, 34 минг 867 нафари эса "Устоз-шогирд" анъанаси доирасида уста-ҳунармандларга бириктириш орқали бандлиги таъминланади. 117 минг 17 нафарининг ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммосини ҳал этишга кўмаклашилади. Бундан ташқари, ҳудудий ва маҳаллий ҳокимликлар қошида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш учун “Ёшлар жамғарма”лари ташкил этилган. Ушбу жамғармаларга жорий йил 113 миллиард 526 миллион сўм пул маблағи ажратилган.
2021 йилда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида кўнгилли тадбиркорларни жалб этган ҳолда ёшларнинг тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш мақсадида 1 нафар тадбиркорга 1 нафар ёшни маълум муддатга бириктириш орқали жами 500 минг иш ўрни яратилмоқда.
Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш мақсадида ҳар бир туман, шаҳарларда “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилмоқда. Бунда, “Ёшлар кичик саноат зоналари”да ёшлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун зарур бўладиган барча инфратузилма объектларини жойлаштириш, ушбу зоналарда ишлаб чиқариш биноларини қуриб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида бериш ҳамда солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу кичик саноат зоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилиб, унга халқаро молия институтлари грант ва кредитлари ҳисобидан 100 миллион доллар маблағ ажратилади.
– Ёшларга гаров таъминотисиз 33 миллион сўмгача бўлган кредит 3 йил муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан берилади, – дейди Муҳаммадбобур Манасов. – Юридик шахсларга эса 225 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА