Ёшлар бандлиги маҳалла солиқчилари фаолиятини баҳолашда самарадорлик мезони қилиб белгиланади
Солиқ идоралари ҳам тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш ва иш ўринларини сақлаб қолишга кўмаклашиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоятда айрим корхоналар айланмаси ва иш ўринлари қисқаргани, бир қатор бизнес субъектлари фаолияти тугатилгани қайд этилди. Маҳаллага тушган солиқ ходимлари бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, ечим топишга фаол киришиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Энди даромади ёки иш ўрни камайган корхонага маҳалла солиқчиси бориб, муаммони ўрганади. Ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири билан бирга солиқ тўловини кечиктириш, кредит муддатини узайтириш, айланма маблағ, бозор ёки экспортга кўмаклашиш бўйича туман штабига таклиф киритади.
Мазкур жараёнда ҳар бир бизнеснинг даромадга кириш даври ва хусусияти инобатга олинади. Ёшлар бандлиги маҳалла солиқчилари фаолиятини баҳолаш ва меҳнатига ҳақ тўлашда самарадорлик мезони қилиб белгиланади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш давом этмоқда.
ЎзА