Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг Анқара саммитидаги нутқидан асосий фикрлар
–Ўзбекистон таъсирчан глобал тараққиёт марказига айланиб бораётган Туркий давлатлар ташкилотини ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида кўради;
–Стратегик мақсадлар атрофида янада жипслашиб, манфаатларни халқаро майдонда биргаликда илгари суриш лозим. ТДТ мамлакатлари ушбу эзгу йўлда якдил ва куч-ғайратини туркий бирдамлик учун сафарбар этишга тайёр;
–Ташкилот доирасида долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлар ўтказиш, ёндашув ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳим;
–Учинчи мамлакатлар билан “Туркий давлатлар ташкилоти плюс” форматидаги ҳамкорликни соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш таклиф этилди;
–Технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш, жаҳон бозорига биргаликда чиқиш имконини берадиган саноат кооперациясини ривожлантириш зарур;
–“Туркий дунё – 100” – юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб оладиган дастурни қабул қилиш таклиф этилди;
–Нодир ва стратегик минералларни тўлиқ қайта ишлаш, “яшил” энергетика ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, юқори даромадли маҳсулотлар тайёрлашга устувор аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ;
–“Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги кўп томонлама шартномани ишлаб чиқиш лозим;
–“Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи”ни ташкил этиш ва уни биргаликда бошқариш таклифи билдирилди;
–Туркий халқларнинг тарихий шаҳарлари, бетакрор табиати, бой маданияти ва меҳмондўстлик анъаналарини дунёга биргаликда тақдим этиш мақсадида “Туркий туризм альянси”ни ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилди;
–Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида кўп томонлама битимни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда ИД-карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, чегарадан ўтиш ва мезбон давлат ҳудудида бўлиш тартибини соддалаштириш масалалари акс этиши лозим;
–Мамлакатимиз “Янги Ўзбекистон” стипендияси доирасида туркий давлатлар вакилларига ҳар йили 200 та таълим гранти ажратишга тайёр;
–2027 йилни ташкилот доирасида “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш бўйича ташаббус ҳамда Ўзбекистон вакилининг номзоди Бош котиб лавозимига қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирилди;
–"Анқара саммити олижаноб мақсадимиз, бирдамлик ғоямиз ва улуғвор режаларимизга эришиш йўлида муҳим қадам бўлади";
–“Барчамизнинг орзу-истакларимиз ва интилишларимиз муштарак. Биз бир бўлсак, янада қудратлимиз. Ҳамжиҳат бўлсак, янада юксак марраларга албатта эришамиз”.
ЎзА