ЁШ РАССОМ КЎРГАЗМАСИ
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан санъат, театр, маданият ва маънавият соҳаларига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тасвирий санъатга. Зеро, санъат инсон қалби ва тафаккурини юксалтиради. Рассом ўз асарлари орқали бор истеъдоди, ички кечинмалари ва қалбидаги туғёнларини воситасида ўз иқтидорини намоён этади ҳамда ватандошларимиз қалбини гўзал туйғуларга ошно қилади.
Куни кеча Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ёш рассом Рамиз Ходжаевнинг “Ёввойи рақслар” номли кўргазмаси очилиш маросимида тасвирий санъатнинг нақадар қудратли куч экани яна бир карра аён кўринди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбарлари, маданият арбоблари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари, Самарқанд вилоятининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Рассом асарларида ҳаётий воқеалар, ижтимоий мавзулар ва инсон кечинмалари ўзига хос услубда ифодаланган, - деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур. – Ёш рассом Рамиз Ходжаевнинг тасвирий санъат асарларида бугунги ватандошларимизнинг бунёдкорлик ишлари, руҳий кечинмалари ва ҳаётга бўлган муносабатлари ўзига хос шаклда катта маҳорат тасвирланган. Рамиз Ходжаевнинг бошқа тенгқурларидан ажралиб турадиган жиҳатлари шундан иборатки, у ўз туйғуларини миллий ва замонавий шаклда уйғун ҳолатда чизишга эришади. Унинг картиналарида кубизм йўналиши ҳам аён кўринади. Бундай уйғунлик ёш рассомнинг келажагига умид ва ишонч уйғотади.
Дарҳақиқат, ёш рассом Рамиз Ходжаевнинг ҳар бир картинасида шакллар ўйини, ранглар қарама-қаршилиги ва рамзий ифодаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса рассомнинг бадиий тафаккури ва маҳорати юксак эканидан далолат беради.
Асарларга диққат билан назар ташласангиз, улар томошабинни ёшлик, беғуборлик, меҳр-оқибат, гўзаллик, Ватанни севиш ва муҳаббатни ардоқлаш каби эзгу туйғуларга ундайди. Томошабин рассом картиналарини соатлаб кузатиши мумкин. Зеро, ҳар бир қарашда ранглар ортида яширинган янги ғоя ва маъноларни кашф этади.
Рассомнинг асарларидаги ўзига хос образлар ҳам санъат ихлосмандларини тафаккур ва тасаввур қилишга ундайди. Масалан, рассомнинг “Болалик” асарида болалик тимсолининг бегуноҳ мусичага қиёсланиши асарга янада чуқур маъно ва рамзийлик бағишлайди. Шуни таъкидлаш керакки, рассом ижодида ёрқин ранглар алоҳида ўрин тутади. Унинг асарларида замонавийлик, тарихийлик ва қадимги меъморий ёдгорликлар, ижтимоий ҳаёт манзаралари ўзига хос бадиий талқинда акс этган.
-“Мен кўпроқ ҳаётни кузатиб, атрофимизда содир бўлаётган воқеалардан таъсирланиб ижод қиламан. Расм чизиш пайтида кўпроқ мусиқа тинглайман. Мусиқа садоси менга янада илҳом беради”, - дейди Рамиз Ходжаев.
Рассом учун ранг — эркин ҳаракат, ҳиссиёт, ички кечинмалар, декоратив ритм ва шаклларни уйғун ҳолда тасвирлаш муҳим аҳамиятга эга.
Р. Ходжаевнинг ижодида Самарқанд муҳити, тарихий бинолар, яшил ва кўк рангларнинг мутаносиблиги, замонавий бадиий қарашлар билан уйғунлашган ҳолда акс этган.
[gallery-31394]
Рамиз Ходжаевнинг “Ёввойи рақслар” кўргазмаси ёш рассомнинг изланишлари, ўзига хос бадиий қарашлари ва санъатга бўлган муносабатини намоён этади. Унинг асарларидаги ранглар уйғунлиги, рамзий образлар ва эркин шакллар томошабинни нафақат эстетик завқланишга, балки фикрлашга, ҳис қилишга ва атроф-оламга бошқача нигоҳ билан қарашга чорлайди. Ёш рассом Р. Ходжаевнинг илк кўргазмаси томошабинларда катта таассурот қолдириш баробарида унинг келажагига юксак ишонч уйғотди.
Мунира Рамазонова, санъатшунос