АҚШ элчихонаси вакиллари институтда
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили, элчихона миссиясидаги масъул ходим Хезер Бёрнс хоним бошчилигидаги делегация Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бўлди.
Учрашувда АҚШ элчихонаси вакиллари бир неча йиллар давомида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик, таълим соҳасида амалга оширилаётган қўшма дастурларни ривожлантириш борасидаги фаолияти учун институт раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, хусусан, Access English Scholarship Program, UNICEN, COIL (Collaborative Online International Learning) дастурлари, шунингдек, Fulbright ETA English Fellow Program доирасидаги ҳамкорлик натижаларини муҳокама қилди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳалар доирасида хорижий ўқитувчилар институтда инглиз тили ва адабиёти таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар билан ишлаб, уларнинг тил кўникмалари, халқаро мулоқот ва маданиятлараро компетенцияларини ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Учрашув якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим соҳасида янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар, профессор-ўқитувчилар учун халқаро имкониятларни кенгайтириш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири