“Ёш мақом ижрочилари” танловига старт берилди
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик танловининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, ўзбек миллий мусиқа санъатига муносиб ҳисса қўшиб келаётган машҳур созандаю ҳофизлар, республиканинг турли нуқталаридан ташриф буюрган меҳмонлар, танлов иштирокчилари ва институт талабалари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда миллий санъатимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, айниқса мақом, бахшичилик каби санъат турларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида кўплаб ижодий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўзбек миллий мумтоз мусиқасининг энг сара намуналаридан тузилган мўъжаз концерт дастуридан сўнг танлов иштирокчилари ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
8 майгача давом этадиган ушбу нуфузли танловда 20-35 ёш оралиғидаги 100 нафардан ортиқ мақом ижрочилари 9 та йўналиш бўйича ғолиблик учун ўзаро беллашади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА