Ёш китобхонларга яна бир қулайлик
Китоб бор уйдан зулмат чекинади, бу ерга маърифат ва илм нури ёғилади, ақл-заковат ва тафаккур бойийди.
Шу боис мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жойларда кўплаб кутубхоналар ва китоб дўконлари фаолияти йўлга қўйилди. Ана шундай янги зиё масканларидан бири –Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази кутубхонаси ҳисобланади ва яқинда унинг фойдаланувчилари яна бир имкониятга эга бўлди.
Гап шундаки, мазкур кутубхонада Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси веб-порталидан эмин-эркин фойдаланиш имконияти яратилди. Энди қашқадарёлик ёшлар Миллий кутубхонанинг 167 мингдан ортиқ электрон ресурсларидан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, Ёшлар маркази кутубхонасига замонавий ноутбуклар ҳам келтирилди, Wi-Fi тизими йўлга қўйилди.
– Жорий йилнинг ноябрь ойида давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида шахсан ўзлари мана шу муҳташам Ёшлар марказини очиб бердилар, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Шоҳжаҳон Омонов. – Ва марказимизда бир гуруҳ ёшлар билан мулоқот қилдилар.
Эътибор қилиб турдим Президентимиз ҳар бир ёш билдирган таклифларни диққат билан эшитиб, ён дафтарларига ёзиб олдилар. Биз ҳам вилоят ёшлар агентлиги номидан алоҳида ташаббус қилиб, марказимиздаги кутубхонани Тошкентдаги Миллий кутубхона билан ўзаро узвийлигини боғлаб, ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклифини бердик. Мана ниҳоят таклифимиз инобатга олиниб, кутубхонамизда китобхон ёшлар учун яна бир имконият яратилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга қилган ташрифи чоғида бу ерда қашқадарёлик ёшлар билан учрашган. Унда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлганди.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА мухбири, Ж.Норқобилов олган суратлар