“Ёш китобхон” кўрик-танлови ғолиблари Президент совғасига эга бўлди
Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёш китобхон” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган китобхон ёшлар 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш тоифасида ўзаро беллашди.
Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Китобхонликни тарғиб этувчи тадбирлар эса уларга яна бир қўллаб-қувватлаш бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда уларнинг белгиланган китобларни ўқигани, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратди.

Шунга кўра, “Ёш китобхон”нинг финал босқичи ғолиблари аниқланди. Хусусан, 10–14 ёш тоифасида 1-ўрин Бухоро вилоятидан Фарзона Носировага насиб қилди ва Президент совғаси “BYD Chazor” электромобилини қўлга киритди. 15–19 ёш тоифасида 1-ўринни Жиззах вилоятидан Жасурбек Абдуғаффаров эгаллади ва Президент совғаси “BYD Chazor” электромобилига эга бўлди.

20–30 ёш тоифасида эса 1-ўрин Сурхондарё вилоятидан Фазилат Диёровага тегишли бўлди. У ҳам Президент совғаси - “BYD Chazor” электромобили соҳиби бўлди.
Шунингдек, қолган барча иштирокчиларнинг ҳар бирига пул мукофоти топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА