Ёш ижодкорлар “Дуэль” танловида қатнашди
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Дуэль” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Марказий кенгаши ҳузуридаги Ёш ижодкорлар Кенгаши томонидан 15 дан 30 ёшгача бўлган истеъдодли ёшлар иштирокида “Дуэль” лойиҳаси доирасида танлов ўтказилмоқда.
Ижодкор ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини, шунингдек, улар орасида китоб ўқиш ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида 418 нафар ёш иқтидор соҳиби тўртта йўналишда иккита шарт бўйича ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
[gallery-2870]
Танлов биринчи шартидан муваффақиятли ўтиб, иккинчи шартда беллашган иштирокчилар орасидан икки нафардан қатнашчи финалда ўзаро баҳс олиб борди. Якунда назм йўналишида Нурилло Абдушукуров, наср йўналишида Диёра Азизова, тасвирий санъат йўналишида Жавоҳир Ниёзов ва бадиий таржима йўналишида Оминабону Тўланова ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиб, финалчи ва барча иштирокчилар танлов ташкилотчилари томонидан диплом, сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев,З.Умрзоқов (сурат), ЎзА