Ёш дзюдочиларимиз сараланмоқда
Наманган шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг иккинчи куни ўрта вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Чемпионатнинг ўғил болалар ўртасидаги –46 кг вазн тоифасида Асилбек Ҳайитқулов (Тошкент шаҳри) финалда Жаҳонгир Ойбеков (Хоразм) устидан ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди. Беҳрузжон Шербобоев (Тошкент шаҳри) ва Асадбек Аҳмаджонов (Тошкент вилояти) бронза медалларини қўлга киритди.
Қизлар ўртасидаги –44 кг вазн тоифасида Сабоҳат Раҳимова (Хоразм) ҳал қилувчи баҳсда Нургулой Келдиёровани (Қашқадарё) мағлуб этиб, чемпионга айланди. Наргиза Набижонова (Наманган) ва Ситора Ғаниева (Жиззах) мазкур вазнда бронза медали билан тақдирланди.
Қолган вазн тоифаларида Санжар Мирғиёсов (–50 кг, Бухоро), Шоҳжаҳон Усмонов (–55 кг, Тошкент шаҳри), Озод Эркинбоев (–60 кг, Тошкент вилояти), Нозима Нормуродова (–48 кг, Навоий) ва Сабина Дониёрова (–52 кг, Наманган) ҳам олтин медалга сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА