Ёш чегарачилар мактаб ўқувчилари ҳузурида
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган учрашувлар ва бошқа ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Термиз шаҳридаги 13-ҳамда 26-умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди.


Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейининг биринчи курс ўқувчилари Жавоҳир Низомиддинов, Диёр Бердишукуров, Ғуломмуҳаммад Чориев ва Сардор Эшмурадовлар мазкур таълим даргоҳлари ўқувчилари билан учрашиб, ўзлари таълим олаётган ҳарбий-академик лицей ҳақида атрофлича маълумот берди. Бўлғуси чегарачиларга яратилган шароитлар, ўқишга қабул қилиш шартлари ва ўқиш жараёнлари ҳақида суҳбатлашди.


¬Вилоят марказидаги 13-умумтаълим мактабида ўн йил устозлардан сабоқ олдим, –дейди Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Жавоҳир Низомиддинов. –Қишки таътил кунларидан фойдаланиб, менга таълим-тарбия берган устозлардан ҳол-аҳвол сўрадим. Ўқувчилар билан учрашув ўтказдик. Унда мактабдошларимга лицейимиз ҳақида гапириб бердик. Ватанни қўриқлаш, сарҳадларимиз осойишталигини таъминлаш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи экани тўғрисида фикр алмашдик. Битирувчи-ўқувчиларнинг аксарияти лицейда ўқишга қизиқиш билдирганидан фахр ҳиссини туйдик.



Учрашувда ҳарбий либоси эгнига ярашиб турган бўлғуси чегарачилар Ватан ҳимоячиси бўлиш истагини кўнглига туккан ўқувчиларнинг саволларига жавоб беришди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири