Ёш чавандозлар Тошкентда сараланди
Тошкентда от спортининг от йўрттириш (виeздка) йўналиши бўйича “Uzbekistan Global Tour Dressage 2026” мусобақалар сериясининг II босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабида ташкил этилган мусобақа Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг 33 йиллигига бағишланди. Унда 30 нафардан зиёд спорт жуфтлиги иштирок этиб, турли ёш ва тайёргарлик даражасидаги чавандозлар бир нечта дастур бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Хусусан, болалар ўртасида мажбурий дастурда Ева Иванова “Акдам” лақабли от билан ғолиб бўлган бўлса, бошланғич даражадаги чавандозлар ўртасида Ева Колединская “Султон” номли отида биринчи ўриндан жой олди. Ўсмирлар ўртасида “HELPPO 6” дастурида Робиya Казимова (Варлей), катталар орасида “FEI Challenge Cup” мусобақасида Алёна Баяхмедова (Хетмен) энг яхши натижа қайд этди.
“Uzbekistan Global Tour Dressage 2026” II босқичи турли ёш ва тайёргарлик даражасидаги чавандозларга ўз маҳоратини синовдан ўтказиш, тажрибасини ошириш ва от билан уйғун ҳаракатланиш кўникмаларини такомиллаштириш имконини берди.
Жавоҳир Тошўжаев, ЎзА