Йирик мусобақалар олдидан синов
Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани спорт мактаби шотокан каратэ-до бўйича Наманган вилояти биринчилигига мезбонлик қилди.
Спортнинг оммалашиб бораётган шарқона яккакураш тури бўйича ташкил этилган мусобақа мамлакатимиз мадҳияси садолари остида старт олди. Турнирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон шотокан каратэ-до ассоциацияси асосчиси Ҳўжамқул Хўжақулов, ташкилот вице-президенти Темур Миракилoв ҳамда Наманган вилояти шотокан каратэ-до ассоциацияси президенти Илҳомжон Қосимовлар иштирок этишди.

Мусобақада вилоятнинг барча барча шаҳар ва туманларидан келган 200 нафардан зиёд, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар 49 та вазн тоифасида беллашишди. Татамида ҳар бир ҳаракат, ҳар бир зарба ва тактик юриш спортчиларнинг ўз устида ишлаши, мураббийларнинг машаққатли тарбияси натижасини кўрсатди. Ғолибликка бўлган кучли иштиёқ ва маҳорат томошабинларга унутилмас, ҳаяжонли онларни улашди.

Биринчиликнинг якуний натижаларига кўра, Косонсой тумани спортчилари умумжамоавий ҳисобда энг юқори натижаларга эришиб, ғолибликни қўлга киритишди. Тўрақўрғонлик шарқона яккакураш вакиллари фахрли иккинчи ўринни эгаллашди. Наманган шаҳри шотоканчилари эса шоҳсупанинг кучли учлигини якунлаб беришди.
Турнир якунида, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Вилоят ва республика терма жамоалари таркиби учун саралаш вазифасини ўтаб берган ушбу мусобақа нафақат кучлиларни аниқлаш, балки келгусида юртимиз ва халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган бўлғуси чемпионларни кашф этишда муҳим ўрин тутади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири