Ёш белбоғли курашчилар Навоийда сараланди
Навоий шаҳридаги вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 2006-2007 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 300 нафарга яқин спортчилар совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Ўғил болалар мусобақасининг биринчи ва иккинчи кунлари белбоғли кураш ва эркин йўналиш бўйича куч синашган бўлса, учинчи куни қизлар ўртасида эркин йўналиш дастурида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Ўғил болалар ўртасида белбоғли курашнинг эркин йўналиши бўйича ўтган баҳсларда 5 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритган Навоий вилояти вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Белбоғли кураш йўналишида куч синашган ўғил болалар ўртасида эса 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медал жамғарган Тошкент вилояти жамоаси етакчиликка эришди.

Мусобақанинг қизлар ўртасидаги беллашувлар сарҳисобига кўра, 3 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза медалига эга чиққан Наманган жамоаси умумжамоада биринчи ўринни қўлга киритди.
Т. Рўзиев, ЎзА