Дунё спорт гимнастикачилари Тошкентда жам бўлади
Мамлакатимизда спорт гимнастикасини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги босқичи ўтказилади.
21-24 май кунлари ўтадиган мазкур мусобақада Арманистон, Бельгия, Болгария, Чехия, Грузия, Ҳиндистон, Иордания, Исландия, Қатар, Қозоғистон, Латвия, Мўғулистон, Швейцария, Сурия, Туркия, Венгрия, Вьетнам, Хорватия ва Ўзбекистон спортчилари ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан ташкил этилаётган жаҳон кубоги босқичида эркаклар терма жамоаси таркибида Асадбек Азамов, Ҳумоюн Исломов, Мансур Раҳматов, Аҳрорхон Темирхонов, Озотилла Абдурасулов ва Алишер Бойсаров иштирок этади.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси таркибидан спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина, шунингдек Солиҳа Турсунбоева, Дилдора Арипова ва Шахинобону Юсуфова ўрин олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА