Ёш альпинистлар Бойсун тоғларида беллашмоқда
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Тангисар” каньонида тоғ-экстремал туризми альпиниадаси бўлиб ўтмоқда.
Осмонўпар тоғлар қўйнидаги “Хўжамайхона” дарасида илк марта ташкил этилган беллашувда мамлакатимиздаги ўнга яқин олий таълим муассасасининг энг сара ёш альпинистлари иштирок этиб, ўзаро куч синашади.

– Мусобақани ўтказишдан мақсад – юртимизда спорт туризми ва альпинизмни кенг тарғиб қилиб, ривожлантиришдан, ёшларда спортнинг экстремал тоғ туризмига қизиқишини янада оширишдан иборат, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. – Беллашувлар жамоавий биринчилик шаклида ўтказилади. Унда 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган спорт ва туризм билан шуғулланадиган тўгарак ҳамда секциялардан уч нафар ўғил, бир нафар қиз иштирок этади. Бир нафари захирада қатнашади.
Мутахассиcларнинг фикрича, дунёда оммавийлашиб бораётган экстремал туризм туристларнинг махсус тайёргарлигини, мавжуд тўсиқларни енгиб ўтишни талаб этадиган сайёҳлик тури саналади. Мамлакатимизда ҳам бу йўналишни ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Айниқса, тоғ чўққисини забт этиш, ғорда сайр қилиш, сноуборд, тоғ велосипеди, параплан ва дельтапланда учиш, тоғ чанғиси каби турларини кенг йўлга қўйиш учун қулай шароит мавжуд. Бойсун туманида ўтказилаётган беллашувда жамоалар тоғ чўққисини забт этиш ва компос ёрдамида назорат нуқтасини топиш учун ҳаракат қилади.

Вилоят ҳокимлиги, Республика экстремал ва тоғ туризми федерацияси, вилоят маданият ва туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мусобақанинг асосий беллашувларига эртага старт берилади.
Ғолиб жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, жорий йилнинг октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган мамлакат чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА