Ёруғ келажакка бўлган ишонч
18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар, ватанпарварлик акциялари ташкил этилмоқда. Уларда халқимизнинг миллий ғурури, Ватанга садоқати ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғулари намоён бўлмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида ўтказилаётган байроқ эстафетасидир.
Куни кеча ушбу фахрли эстафета Сурхондарё вилоятидан Қашқадарё вилоятига тантанали равишда топширилди. Рамзий тадбир Деҳқонобод туманида кўтаринки руҳда давом этди. Унда ёшлар, нуронийлар, фахрийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Давлат байроғини юксак эҳтиром билан кутиб олди.
Эстафета доирасидаги тадбирлар Қарши шаҳрида ҳам давом этди. Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан шаҳарда “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари, Миллий гвардия ва бошқа куч тузилмалари ходимлари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
[gallery-32491]
Тадбир доирасида шаҳар кўчалари бўйлаб ҳарбий оркестр садолари остида тантанали юриш ўтказилди. Унда иштирокчиларнинг Ватанга муҳаббати, миллий ғурур ва ифтихори, муқаддас байроғимизга бўлган юксак эҳтироми ўз ифодасини топди.
Дарҳақиқат, давлат байроғи шунчаки рамз эмас. Унда халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, озодлик ва мустақиллик ғоялари, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз ҳамда ёруғ келажакка бўлган ишонч мужассам.
“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги бундай тадбирлар эса ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизга ҳурматни ошириш ва юртдошларимизни ягона мақсад атрофида бирлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари