Иқлим ўзгаришига қарши кураш — умумий масъулият ва ҳамкорлик масаласи
Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) ва Жаҳон етакчилари саммитида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, бир қатор муҳим экологик таклиф-ташаббусларни илгари сурди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
Ойбек Раҳимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимизнинг экологик барқарорлик борасидаги мақсадлари аниқ ва узоқ истиқболга йўналтирилганини кўрсатади. Айниқса, Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини яратиш таклифи бугунги минтақавий воқеликдан келиб чиққан, катта стратегик аҳамиятга эга ташаббус.
Бугун Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг оқибатлари тобора кескинлашмоқда. Музликлар қисқармоқда, сув ресурсларига босим кучаймоқда, қурғоқчилик ва чўлланиш жараёнлари кенгаймоқда. Бу ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатяпти.
Айниқса, сув масаласи минтақамиз учун стратегик аҳамиятга эга. Сув ресурсларининг тақчиллиги келгусида иқтисодий ўсиш суръатлари, аҳоли бандлиги ва ижтимоий барқарорликка ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун бугунданоқ сувдан фойдаланиш маданиятини ўзгартириш, замонавий тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ва трансчегаравий сув ресурсларини ҳамкорликда бошқариш бўйича қатъий механизмларни шакллантиришимиз зарур.
Президентимиз таклиф этган Иқлим интеграцияси модели айнан шу вазифаларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Унинг ахборот, технологик ва молиявий йўналишларга асосланиши минтақавий ҳамкорликка аниқ амалий мазмун беради. Табиий офатларни олдиндан прогноз қилиш ва эрта огоҳлантириш, илғор экологик технологияларни оммалаштириш, барқарор молиялаштириш манбаларини шакллантириш – буларнинг ҳар бири минтақанинг умумий экологик хавфсизлиги учун муҳим.
Ўзбекистоннинг келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши ҳам мамлакатимиз зиммасига катта масъулият юклайди. Орол фожиаси бутун инсоният учун жиддий сабоқ бўлди. Унинг оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи ҳудудида экологик ва ижтимоий муҳитни яхшилаш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш умумий вазифамиздир. Президентимиз томонидан илгари сурилган Иқлим интеграцияси модели Марказий Осиё давлатлари ўртасида янги ҳамкорлик кўприкларини барпо этишга хизмат қилади.
Гулчеҳра Тожибоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:

— Бугун иқлим ўзгариши бутун инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бирига айланди. Президентимизнинг БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясидаги нутқида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан бирга, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган аниқ таклифлар ҳам баён этилди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашда ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш билан чекланиб қолмаяпти. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга камайтириш бўйича белгиланган мақсадга муддатидан олдин эришди. Энди эса 2035 йилга қадар зарарли чиқиндиларни 50 фоизга қисқартириш вазифаси белгиланмоқда. Бу мамлакатимизда яшил иқтисодиётга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш борасидаги сиёсат изчил давом этаётганини кўрсатади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари улушини келгуси тўрт йилда 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу нафақат энергетика соҳасида янги имкониятлар яратади, балки анъанавий энергия манбаларига бўлган эҳтиёжни камайтириш, ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни қисқартириш ва экологик тоза ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.
Президент нутқида экологик таълим-тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Чунки табиатни асраш фақат давлат идоралари ёки мутахассисларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёти, маданияти ва масъулияти билан боғлиқ. Экологик билим ва кўникмаларни оила, маҳалла, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб шакллантириш зарур. 2050 йилга қадар мамлакат аҳолисининг тўртдан уч қисмида етарли экологик билим ва маданиятни шакллантириш мақсади ҳам узоқ муддатли тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар иқлим ўзгаришига қарши курашда фақат оқибатларни бартараф этиш эмас, балки хавфларни олдиндан баҳолаш, уларнинг олдини олиш ва барқарор ечимларни биргаликда ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли. Айниқса, Марказий Осиё давлатларининг умумий мақсад атрофида бирлашиши сув, ер, ҳаво ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишда янги имкониятлар очади. Энг муҳими, бу ташаббуслар экологик хавфсизликни иқтисодий тараққиёт, аҳоли фаровонлиги ва келажак авлодлар манфаатлари билан узвий боғлиқ ҳолда таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА