Ёрдамчи хўжаликлар даромад келтирмоқда
Тошкент вилоятида сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг учун мавжуд имкониятларни ишга солиб ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш, қўшимча даромад манбаларини яратиш, ёш ходимларнинг имтиёзли кредитлар олишида амалий кўмак берилмоқда.
Хусусан, Сув хўжалиги вазирлиги талаби билан икки-уч йилда кўплаб ташкилотлар қошида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилди. Дастлаб иш бошлашга иккиланиб турган, таваккал қилишдан чўчиган ҳудудий ташкилотлар вакиллари ҳозиргача кредитидан ҳам қутулиб, мунтазам даромадни йўлга қўйиб олганидан мамнун.

Вазирлик ишчи гуруҳи вакиллари Чирчиқ – Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бўлиб, бу борадаги ишларни ўрганди. Аслида Тошкент вилояти сув хўжалиги ташкилотларининг салоҳияти юқори. Оҳангарон гидроузели, Тошкент магистрал канали, вилоятдаги барча ирригация тизими бошқармаларида чорва, парранда, қуён боқиш, деҳқончилик, боғдорчилик бўйича катта тажриба тўпланган. Ўз ишини уддалаб ҳамда ёрдамчи хўжаликни моҳирлик билан бошқараётган сувчилар жуда кўп.

Маълум бўлишича, вилоят сувчи ёшлари орасида кредит олиб, бизнесини бошлаши учун 200 нафар талабгорнинг рўйхати шакллантирилган. Шундан 100 нафарига март ойи охиригача кредит олишига кўмаклашиш режалаштирилган. Амалда эса 76 нафар ёшнинг аризаси банкка топширилган. Шундан ҳозирча 10 нафарига маблағ ажратилган.

Ишчи гуруҳи аъзолари ҳавза бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алижон Зокиров иштирокида Мелиоратив экспедиция бошлиғи Маҳмуд Эшонов, “Оҳангарон – Далварзин” ИТБ бошлиғи Шерали Тўхтамишев, “Паркент – Қорасув” ИТБ бошлиғи Иззатилла Исмоилов, Тошкент магистрал канали бошлиғи Нодир Тўлаганов билан ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилди.
Ушбу ташкилотларда, умуман, вилоятдаги барча туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ ва насос станцияларида янги натижаларни кўрсатишга келишиб олинди. Жорий йилда мазкур тизимдаги ёрдамчи хўжаликларни кўпайтириш, ишчилар моддий манфаатдорлигини ошириш режалаштирилган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири