“Ёпиқ бозор”нинг очиқ эшиклари
Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Бир йил ичида Истанбулдаги тарихий “Ёпиқ бозор”ига салкам 40 миллион киши ташриф буюрди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.
Истанбулдаги энг катта ва энг қадимий ёпиқ бозорлардан бири ўзининг улуғворлиги ва бой савдо майдончалари билан хорижлик миллионлаб саёҳатчиларнинг эътиборини тортиб келмоқда. 2022 йилда 39 миллион 766 минг 801 киши савдо-сотиқ учун бозорга келди, бу эса бир йил аввалгига нисбатан 14 миллиондан бироз ошиқни ташкил қилади.
Бошқача айтганда, ўтган йил бозор савдосига кунига ўртача юз минг киши келган.
Бозорда ҳар қандай дидга мос – заргарлик буюмларидан тортиб кийим-кечак, гиламдан тортиб, турли майда маҳсулотлар хариди ташкил қилинган.
Бозор бошқаруви раиси Фотих Куртулмушнинг маълум қилишича, ўтган йили таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 2 минг 500 та иш ўрни тўғридан-тўғри бозор ҳудудида, яна 1 минг икки юзтаси мажмуа таркибига кирувчи “меҳмонхоналар”да жойлашган.
Тарихий меъморий обида 1460 йилда Султон Мехмед II даврида қурилган бўлиб, Усмонийлар салтанатининг “иқтисодиёт юраги” ҳисобланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА