Бешинчи халқаро асал фестивали бўлиб ўтмоқда
Янги Ўзбекистоннинг кичик бизнес, тадбиркорлик ва саноат марказига айланган Наманганда кейинги йилларда туризм, маданият, саноат, чорвачилик йўналишларида халқаро даражадаги тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Айни кунларда Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик боғида ташкилланган V Халқаро асал фестивали минглаб сайёҳларни ўзига бирдек ром этмоқда.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда асаларичилик борасида етакчилардан бири Наманган вилоятида асал етиштиришни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нуфузли тадбирда юртимизнинг кўплаб ҳудудлари, шунингдек, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Россия Федерациясидан ташриф буюрган 200 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий асаларичи-тадбиркорлар, соҳа мутахассислари савдо кўргазмалари билан қатнашмоқда. Бу галги кўргазмада аввалгилардан фарқли ўлароқ, жами 35 тонна асал ва асаларичилик маҳсулотлари намойиш этиляпти. Бу ўз навбатида меҳмонларга турли навдаги табиий асал маҳсулотлари билан танишиш, уларни татиб кўриш ҳамда бевосита ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини беради.

Дарвоқе, асал байрамининг хорижий меҳмонлари қаторида Озарбайжон Республиксидан келган “I'm honey” компанияси асосчиси ва бош директори Фераҳи Оғузхон ҳам иштирок этмоқда. Қардош юрт ишбилармони Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан мулоқотда маҳаллий асал маҳсулотларини Озарбайжон ва Саудия Арабистони бозорларига экспорт қилиш имкониятларига қизиқиш билдирди.

Фестиваль давомида маҳаллий ва хорижий асаларичилар ўртасида тажриба алмашиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Ўттиз беш йилдан бери асаларичилик билан шуғулланаман. Бундай йирик кўламдаги тадбирда илк бор иштирок этишим. Намангандаги Халқаро асал фестивалида ўзимиз учун кўп нарсаларни оляпмиз, – дейди Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилоятидан келган асалчи Тўйчибой Саиров. – Илк бор қатнашаётганимизни эътиборга олиб, Сузақ тумани қишлоғидаги тоғларда боқилаётган 200 дан зиёд асаларидан олинган “Майский”, “Качка” номли 120 килограмм вазндаги асалларимизни олиб келдик. Биз, айниқса, Ўзбекистонда бу шифобахш неъматнинг қадрига етувчи ихлосмандлар кўп эканлигидан хурсанд бўлдик. Келгусида асалларимиз миқдорини оширган ҳолда ташриф буюришни режалаштирдик.

Эътиборлиси шундаки, фестивалда фақатгина асалнинг ўзи билан чекланиб қолмасдан Наманганнинг гастрономик туризм салоҳиятини кўрсатувчи миллий таомлар танлови ҳамда ҳунармандчилик ярмаркаси, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, миллий либослар кўргазмаси, халқ амалий санъати намойиши каби бир қатор маданий-кўнгилочар тадбирлар, таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастурлари уюштирилмоқда.

Қолаверса, Наманган вилоятининг ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий брендлари ҳам ўз маҳсулотлари кўргазмаси ва тақдимотлари билан иштирок этишмоқда. Бу орқали ҳудудда ишлаб чиқарилаётган миллий қандолатчилик маҳсулотлари ва маҳаллий брендларни кенг жамоатчилик ҳамда хорижий меҳмонларга таништиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, фестивалда ёшлар банки сифатида йигит-қизларни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этишга яқиндан кўмаклашаётган “Алоқабанк” Наманган филиали томонидан ёш тадбиркорлик субъектлари учун асаларичиликни ривожлантириш мақсадида бир қатор имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиш таклиф этилмоқда. Шуни қайд этиш жоизки, мазкур молиявий кўмак асалари уйларини сотиб олиш ва жиҳозлаш; асаларилар (ари оиласи)ни харид қилиш; асал ва асал маҳсулотларини ишлаб чиқариш; қайта ишлаш ва қадоқлаш ускунлари ҳамда бошқа зарур айланма маблағларни олиш учун асқотиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, мазкур фестивал асаларичилик тармоғини ривожлантириш, асал маҳсулотларини халқаро бозорларда тарғиб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда асосийси, Наманган вилоятининг туристик, иқтисодий ва гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири