Йўловчиларга қулайлик яратилмоқда
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ”, “Обод кўча”, “Обод хонадон”, “Илғор ҳудуд”, “Хавфсиз ва равон йўл”, “Очиқ бюджет” каби қатор давлат дастурлари ва лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳаллалари кўркига кўрк қўшилмоқда. Энг муҳими, фуқароларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга бирин-кетин ечим топилиб, ижобий ҳал этилаётир.
Жиззах шаҳри билан Шароф Рашидов туманини боғлаб турувчи 4Р–38 “Жиззах – Учтепа” автомобил йўлининг 21-километри икки ёни, яъни Жиззах шаҳридаги “Деҳқон бозори”ва “Эски шаҳар” савдо-буюм комплекси ҳудудида фуқаролар оғирини енгил қилиш, тирбандликлар ва қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳудуддаги қурилиш лойиҳасига кўра, 4Р–38 автомобиль йўлининг икки тарафи, мавжуд ер ости пиёдалар ўтиш йўлагининг икки ёнида автобус бекатлари қурилмоқда.
Ушбу лойиҳа буюртмачиси Жиззах автомобиль йўллари бош бошқармаси давлат муассасаси. Шу кунларда Шароф Рашидов туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг 5 та махсус техникаси ҳамда 20 нафардан ортиқ йўлсоз-қурувчилари томонидан қурилиш майдонида бетон, асфальт қопламасини ётқизиш ва бошқа қурилиш-муҳандислик ишлари амалга оширилмоқда.

– Режага кўра, жорий йилнинг 25 январига қадар ҳар иккала автобус бекати қурилишини якунлаб, фойдаланишга топширишни мақсад қилганмиз,– дейди Шароф Рашидов туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори Отабек Тошпўлатов.– Лойиҳага кўра, бу ерда иккита узунлиги 60 метр, эни олти метрли бекат ва 50 метрли пиёдалар йўлаги қурилади.
Дарҳақиқат, “Деҳқон бозори”ва “Эски шаҳар” савдо-буюм комплекси ҳудудидаги ушбу чорраҳа атрофида автомобиллар ва пиёдалар ҳаракатидаги тартибсизлик ва қоидабузарликлар, бир неча йиллардан бери содир этилаётган бахтсиз ва йўл транспорт ҳодисалари кўпчиликни ташвишга солиб келаётган эди. Жиззах шаҳрида сўнгги йилларда автотранспорт воситаларининг йўллардаги ҳаракати тирбандлигини бартараф этиш, пиёдалар ва автомобиллар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш йўллари, кўприклар ва бекатларнинг барпо этилаётгани муаммоларга ечим сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари