Йўллари равон ҳудудда фаровонлик бўлади
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида ҳудуд йўлларини таъмирлаш бўйича амалга оширилган ишлар, бу борада галдаги вазифалар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда туман ободонлаштириш бошқармаси масъуллари томонидан бу борадаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, туманда 320 та кўча бўлиб, шундан 30 таси асосий, 200 таси кичик ва тор, 90 таси берк кўчалар ҳисобланади. Мавжуд кўчаларнинг таъминлаш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.
Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб тумандаги «Чароғон», «Иқбол», Йўлдош, «Чоштепа», Хушнуд, Ал-Фарғоний, «Ёрқин ҳаёт», «Чортоқ», «Янги Дархон», «Тошкент» ва «Файзли» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги йўлларда асфальтлаш, таъмирлаш ишлари олиб борилди.
«Обод маҳалла» давлат дастури асосида Чортоқ маҳалласи ҳудудида 74 минг квадрат метр майдонни таъмирлаш режалаштирилган. Бугунги кунда 10 минг 500 квадрат метр ҳудуд таъмирланган. 63 минг 500 квадрат метр майдонда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Йил якунига қадар «Олчазор», «Ибрат», «Янги турмуш», «Бинокор», «Хўжа Учқун» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ички йўллар таъмирланиши кўзда тутилган, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Жасур Абулқосимов. - Туманимиз янги бўлгани билан йўллар таъмирталаб, ҳудудларда кўкаламзорлаштиришга эҳтиёж бор. Барчаси босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Аҳолига барча шароитлар яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Зеро, йўллар равон ҳудудда фаровонлик бўлади.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутасаддилар батафсил жавоб берди.
Д.Маматова, ЎзА