Йўлланмаларни йўналтириш тартиби бўйича семинар ўтказилди
Хоразм вилояти “Рақамли соғлиқни сақлаш маркази”да барча туман ва шаҳар тиббиёт бўлимларининг амбулатор поликлиника хизмати ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларининг йўлланмалар билан ишлаш бўйича масъуллари иштирокида очиқ мулоқот ва амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, электрон йўлланмаларни тўғри ва тизимли йўналтириш, шунингдек, белгиланган тартибга қатъий риоя этиш масалалари таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди.

– Ҳақиқатан ҳам, бугунги семинар шунчаки ҳисобот бериш эмас, балки очиқ ва танқидий руҳда ўтди. Асосий эътибор тиббий хизмат кўрсатишда ҳалигача учраётган камчиликларга қаратилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жуманазар Қурбонов. – Электрон йўлланма – бу тиббиётда шаффофликни таъминлаш ва беморнинг вақтини тежаш учун киритилган жуда қулай тизим. Лекин, тан олишимиз керакки, баъзи ҳолларда йўлланмаларни нотўғри ёки асоссиз йўналтириш ҳолатлари учраб турибди. Бу эса юқори тиббиёт муассасаларида навбатлар кўпайишига ва ҳақиқий муҳтож беморларнинг четда қолишига олиб келиши мумкин.

Тадбир давомида йўлланмаларни расмийлаштиришда учраётган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни қисқа муддатда бартараф этиш, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда беморларга қулайлик яратиш бўйича масъулларга аниқ ва қатъий топшириқлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири