Ўзбекистон саноати экологик модернизацияга ўтказилади: устувор йўналишлар белгиланди
2028 йил охиригача саноат корхоналарини энг яхши мавжуд технологияларга босқичма-босқич ўтказиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Бу орқали ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, энергия ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда экологик талабларни такомиллаштириш кўзда тутилган.
Пойтахтда Давлат экологик экспертизаси марказида энг яхши мавжуд технологиялар (ЭМТ) ва табиатни муҳофаза қилишнинг илғор амалиётларини жорий этиш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Жаҳон банки гуруҳининг техник кўмагида ташкил этилган тадбирда саноатни экологик модернизация қилишнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди.
ЭМТ бўйича миллий тизимни шакллантиришнинг дастлабки босқичида цемент саноати, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, иссиқлик энергетикаси ва йирик қозон қурилмалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Ушбу тармоқларда замонавий технологияларни жорий этиш орқали саноат ифлосланишини камайтириш, энергия сарфини қисқартириш ва ишлаб чиқаришнинг экологик самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.
Йиғилишда ЭМТ миллий тизимини ишлаб чиқишнинг концептуал ва методологик ёндашувлари, таклиф этилган методиканинг дастлабки синов натижалари ҳамда 2028 йил охиригача бўлган даврни қамраб олувчи йўл харитаси лойиҳаси тақдим этилди.
Энг яхши мавжуд технологияларни жорий этиш нафақат экологик талабларга риоя қилиш, балки саноат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш воситаси сифатида ҳам қаралмоқда. Жумладан, хомашё, сув ва энергиядан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, чиқиндилар ҳосил бўлишини қисқартириш ҳамда айланма иқтисодиёт тамойилларини татбиқ этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шу билан бирга, ЭМТ бўйича миллий маълумотномалар ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Улар корхоналар учун экологик ва ресурс самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларини белгилаш, мақбул технологик ечимларни танлаш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич модернизация қилишга методологик асос бўлиб хизмат қилади.
Йиғилишда корхоналарнинг экологик ҳолатини холис баҳолаш учун ишончли маълумотлар базасини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Бунда атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг ҳақиқий миқдори, ишлаб чиқариш жараёнларининг технологик кўрсаткичлари ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги маълумотлар муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, экологик меъёрлаш, ишлаб чиқариш мониторинги ва корхоналар ҳисоботларини такомиллаштириш, соҳавий эксперт гуруҳларини ташкил этиш, миллий мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Саноатни экологик модернизация қилиш учун иқтисодий рағбатларни шакллантириш, инвестицияларни жалб этиш ва халқаро молия институтлари имкониятларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар давомида билдирилган таклифлар йўл харитаси лойиҳасини такомиллаштириш, уни амалга ошириш механизмларини аниқлаштириш ва тармоқ эксперт гуруҳлари вазифаларини белгилашда инобатга олинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА