Йўли равон элнинг халқи фаровон
Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида, нафақат йирик шаҳарлар, балки туман марказлари, ҳатто чекка қишлоқларда ҳам ҳар қандай кўзни қувонтирадиган янгиланишлар юз бермоқда-ки, бу тарихий жараёнлар улкан бунёдкорлик даври сифатида ватанимиз тарихи саҳифаларига битилиши шубҳасиз. Зеро, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаати олий қадрият даражасига кўтарилиб, барча давлат идоралари фаолиятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнида мутлақо янгича тизим фаол ишламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорларига мувофиқ, жумладан, ҳудудлардаги маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланиб, ички йўллар, ижтимоий соҳа объектлари таъмирланмоқда.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Оқиртма” Қишлоқ фуқаролар йиғинидаги мавжуд 607 хонадонда қарийб 3 000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳли юртимизда рўй бераётган янгиланишлар тўлқинини ўз қишлоғи мисолида кўраётганидан мамнун.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўтган йилги 2-мавсуми доирасида қишлоқ асосий қатнов йўлининг 2,6 км қисмига асфальт қопламаси ётқизиш таклифи етарли овоз билан ғолиб чиққан эди. Айни пайт йўлнинг асосий қисмида асфальтлаш қизғин давом этяпти.

– Яшаш учун қулайлик ортаётганидан одамлар жуда мамнун, – дейди маҳалла раиси Ҳусниддин Бозоров. – “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлганимиз маҳалла аҳли ҳамжиҳатлиги ифодаси, дейиш мумкин. Мана бу ўзгаришлар янги 2025 йил бошида биз учун ажойиб совға бўлди.

– Оқиртмаликларнинг йўллари равон бўлмоқда, – дейди кўп йиллар қишлоқдаги 4-мактабда дарс берган Қурбон Ибрагимов. – Кўчаларимиз анча вақтдан бери таъмирталаб аҳволда эди. Аввало ҳукуматимиз эътибори, қолаверса қишлоқ аҳли жонбозлиги туфайли асосий йўлимизни асфальтлаш суръати анча тезлашди. Энг муҳими, бутун юртимиз бўйлаб мана шундай бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари жадал давом этаётгани қувонарли.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳаллаларда ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётган йўлсозлар, ободонлаштириш ходимлари, кекса-ю ёш – барча-барчани бир муштарак мақсад – жондан азиз она Ватанни янада обод, фаровон этиш истаги бирлаштирган.

Ўткир Алимов, ЎзА