Йўлдаги ҳушёрлик саломатлик гарови
Йўлдаги ҳар бир қадам, ҳар бир қарор ва ҳар бир эҳтиёт чораси инсон ҳаёти билан боғлиқ. Йўлдаги бир лаҳзалик эътиборсизлик баъзан бир умрлик пушаймонга айланиши мумкин. Шу боис йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш оддий талаб эмас, аввало, инсон ҳаёти ва саломатлигига дахлдор масъулиятдир. Бу масъулият фақат ҳайдовчига эмас, йўл ҳаракатида иштирок этаётган ҳар бир инсонга тегишли.
Сирдарё вилоятида республика бўйлаб ўтказилаётган “Йўловчи” лойиҳаси доирасида йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятини юксалтириш, болалар ва ёшларда йўлда ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тарғибот ишлари кенг қамровда давом этмоқда.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Ўзбекистон болалар ташкилотининг Сирдарё вилояти бўлими, Гулистон давлат университетининг “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳамкорлигида “Йўловчи” лойиҳаси доирасида Гулистон ва Ширин шаҳарлари, Сирдарё туманида қатор учрашув ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Уларнинг манзили таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, марказий кўчалар ва пиёдалар ўтиш жойларини қамраб олди. Асосий мақсад йўл ҳаракати қоидаларини билишдан кўра, уларга амал қилиш одатини шакллантиришдир.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари билан мулоқотларда пиёдалар ўтиш жойидан тўғри фойдаланиш, светофор ишораларига амал қилиш, транспорт воситалари ҳаракатини баҳолаш ва йўлда ҳушёрликни сақлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Айниқса, телефонга чалғиш, шошиб ҳаракат қилиш ёки белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиш каби одатий хатоларнинг оқибатлари ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Ўқувчилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, хавфсиз ҳаракатланиш бўйича зарур тавсияларни олди.
Лойиҳа доирасидаги тарғиботлар таълим муассасалари билан чекланмади. Гулистон ва Ширин шаҳарларининг марказий кўчаларида, жумладан, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида аҳоли ва йўловчилар билан бевосита мулоқотлар ўтказилди.

Тарғибот ишлари ҳарбий хизматчиларни ҳам қамраб олди. Ширин шаҳридаги “Sirdaryo IES” объектининг Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда Сирдарё туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальони ҳарбий хизматчилари билан ўтказилган учрашувларда транспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланиш, йўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Сирдарё туманидаги 6-сон умумий ўрта таълим мактаби негизида фаолият юритаётган “Жасорат мактаби” ўқувчилари билан мулоқотлар эса савол-жавоб ва интерактив машғулотлар асосида ташкил этилди. Бу жараёнда ёшларнинг йўлда хавфсиз ҳаракатланиш бўйича билим ва амалий кўникмалари мустаҳкамланди.
Тарғибот якунида иштирокчиларга йўл ҳаракати хавфсизлигига оид эслатма ва тарқатма материаллар берилди.

— Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳақида гап кетганда, кўпинча биринчи навбатда ҳайдовчи масъулияти ҳақида сўз юритилади. Аслида эса бу масала барчамизга дахлдор. Айниқса, болалар ва ёшларни йўлда ўзини тутиш қоидаларига эрта ўргатиш, уларда эҳтиёткорлик ва масъулият ҳиссини шакллантириш жуда муҳим. Чунки бугун ўрганилган оддий бир қоида эртага инсон ҳаётини асраб қолиши мумкин. “Йўловчи” лойиҳасининг аҳамияти ҳам шундаки, йўл ҳаракати қоидаларини шунчаки тушунтириш билан чекланмасдан, уларни кундалик ҳаётда тўғри қўллаш кўникмасини шакллантиришга ҳаракат қилинмоқда. Зеро, йўлда ҳар бир инсоннинг масъулияти, ҳушёрлиги ва бир-бирига ҳурмати умумий хавфсизликни белгилайди. Бугун ёшларга берилган тўғри тушунча эртага унинг ўзини ёки бошқа бир инсонни хавфдан асраб қолиши мумкин, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгашининг масъул ходими Фурқатжон Азимов.


Дарҳақиқат, йўлда хавфсизликни таъминлаш фақат қонун-қоида ёки назорат масаласи эмас. У инсоннинг кундалик одати, маданияти ва масъулиятига айлангандагина кутилган натижа беради. Ҳайдовчи тезликни меъёрда сақласа, пиёда белгиланган жойдан ўтса, йўловчи хавфсизлик талабларига амал қилса барча нохуш воқеалар барҳам топади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири