Йўл равонлиги юрт фаровонлигидан дарак
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли ҳудудлардаги лой кўчалар асфальт йўлларга айлантирилмоқда. Бугун ҳудудлардаги ўнқир-чўнқир ички кўчаларга бетон қоплама ётқизилиб, равон йўлаклар бунёд этилмоқда. Йўллар замонавий инфратузилма асосида қайта барпо этилмоқда.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати ҳудудлардаги таъмирланаётган йўллар ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги тегишли қарори билан 4Р105 “Дарбанд—Бойсун—Элбаён” автомобиль йўлининг 65 километри ҳамда 4Р100 “Мангузар—Жарқўрғон—Бандихон—Олтинсой—Денов” автомобиль йўлининг 46 километр қисмларини реконструкция қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Цемент-бетон қопламали қилиб бунёд этилаётган автомобиль йўлининг умумий узунлиги 111 километрни ташкил этади ва Бойсун, Бандихон, Қумқўрғон, Олтинсой ҳамда Денов туманлари ҳудудидан ўтади. Лойиҳанинг умумий қиймати 227,3 миллион доллар бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари 3 та лотга бўлинган ҳолда олиб борилмоқда.

Сирдарё вилояти Гулистон туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси тасарруфида жами 123 километр автомобиль йўли мавжуд бўлиб, шундан 46 километрини давлат аҳамиятидаги, 77 километрини эса маҳаллий аҳамиятдаги йўллар ташкил этади. Мавжуд автомобиль йўлларининг 23 километри 2-тоифали, 55 километри 3-тоифали, 17 километри 4-тоифали, 28 километри 5-тоифали йўллардир.
Маҳаллий аҳамиятдаги 4К653 “Гулистон ш.—Паррандачилик “ФХХУ-Олимжон-ФХХУ” автомобиль йўлининг 0—2-километрлари оралиғида сақлаш ишлари бажарилмоқда.
Навоий вилояти Навбаҳор туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ва йўл ҳолатини сақлаш ишлари бажарилмоқда. Хусусан, 4Н366А ва 4Р63 автомобиль йўлларида йўл ҳолатини сақлаш, 4Н361 автомобиль йўлининг 3—5-километрлари оралиғида жорий таъмирлаш, 4Р57 ҳамда 4К389 автомобиль йўлларида йўл ёқасидаги кўчатларни суғориш ишлари амалга оширилмоқда.

Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси” давлат муассасаси томонидан А-373 “М-39 а/й.—Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг 205—218-км, 242—253-км ҳамда 278—285-км ларида сақлаш, манзарали кўчатларни парваришлаш, йўл белгиларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган. 4П-125 “Ғурумсарой қ.—Хонобод қ.—Чодак қ.—Гулистон қ.” автомобиль йўлининг 0—37-км ҳамда 4К-464 “Қўшминор қ.—Чодак қ.” автомобиль йўлининг 0—12-км қисмларида сақлаш ишлари бажарилмоқда.
Шунингдек, А-373 “М-39 а/й.— Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг 193—205-км, 228—230-км ҳамда 233—242-км қисмларида йўл ости сув иншоотларини тозалаш, манзарали кўчатларни парваришлаш, сақлаш, БДО-5 тўсиқларини тартибга келтириш, йўл белгиларини ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Наманган вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги Чортоқ туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ходимлари томонидан давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларда ҳамда ҳудуддаги ички кўчаларда ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, туман йўлсозлари томонидан 4Р 117 автомобиль йўлининг А.Навоий маҳалласидан ўтувчи 42—43-километрлари оралиғида жорий таъмирлаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида асфальт–бетон қопламасини ётқизиш ишлари бажарилган бўлса, туманнинг Оқ терак маҳалласида жойлашган Ал-Бухорий кўчасида асфальт–бетон ёқасини шағал билан мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда мазкур жараёнларга 4 та махсус техника ҳамда 12 нафар ишчи-ходим жалб этилган ҳолда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Нукус шаҳри ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга 4Р176А “Нукус темир йўл вокзалига” автомобиль йўлининг 0—10-км қисмлари оралиғида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу йўлнинг 3—4-км қисмларида асфальт-бетон ётқизиш ишлари бажарилмоқда. Асфальт ётқизиш ишлари Қипчоқ Йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат унитар корхонаси томонидан олиб борилиб, қурилиш ишларига жами 20 та махсус техника, 40 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.
Сурхондарё вилояти АЙББ ва унинг таркибидаги корхоналар томонидан йўл инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида ички хўжалик йўлларида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА