Йўл қурилишига хусусий сектор жалб қилинади
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, автомобиль йўлларида бажариладиган иш турлари қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашдан иборат бўлади.
Ҳужжатга асосан, 2024 йил 1 январдан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини назарда тутадиган тизим (“ҳажм услуби”) жорий этилади. Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади.
Шунингдек, йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйида яшил ҳудудларни барпо этиш доирасида Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” давлат муассасасининг ҳудудий бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади.
2024 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади.
Автомобиль йўллари қўмитаси таркибида “Ўзйўлкўприк” кластери ва унинг ҳудудий филиаллари, “Автомобиль йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева тайёрлади, ЎзА