Йўл четлари чиқиндилардан тозаланди
30 март – Халқаро чиқиндисиз кун
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам “Чиқиндисиз дунё учун!” шиори остида умуммиллий акция ўтказилди.
Экология вазирлиги ташаббуси билан 30 март –Халқаро чиқиндисиз кун муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларида ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш тадбирлари ўтказилди.
Ушбу санада Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Шароф Рашидов тумани “Тоқчилик” маҳалла фуқаролар йиғини ва Учтепа даҳасини боғловчи автомобиль йўли ёқасидаги чиқиндиларни тозалаш мақсадида акция ташкил этилди.
Акцияни юқори савияда ўтказишда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг Жиззах вилоят ҳудудий филиали, “Эко-сфера” масъулияти чекланган жамияти, вилоят Ёшлар ишлари бошқармасининг кўнгилли волонтёрлари, “Ёш экофаоллар” гуруҳи аъзолари, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, “Тоқчилик” МФЙ вакиллари, “Саноатқурилиш банк” Жиззах филиали ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлик қилди.
Акциянинг очилиш маросимида “Эко-сфера” МЧЖ директори Бунёд Сарибоев сўзга чиқиб, Экология вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбир ҳудудлар озодалигини таъминлашга, жамоатчиликда бу борада дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлади.
Акция ўтказилаётган автомобиль йўли ёқасига аҳоли томонидан қаттиқ маиший чиқиндилар ноқонуний ташлаб кетилганлиги сабабли, ушбу ҳудудни тозалашга қарор қилинди. Чиқиндиларни бартараф этиш учун 6 та махсус техника воситаси жалб этилиб, экология ходимлари, ёшлар, ташкилот ва корхоналар вакиллари, маҳалла фаоллари кўнгилли бўлиб шу кўчанинг тозалигига ҳисса қўшди.
–Ўйлаймизки, ушбу ташаббусимиз аҳоли ва жамоат вакиллари томонидан қўллаб-қувватланади ва эндиликда бу ҳудуднинг экологик назорати таъминланади,– деди Бунёд Сарибоев.
Акция иштирокчиларга зарурий ашёлар, елим қоп ва қўлқоплар, футболка, бош кийим, эко-сумка, шунингдек, антисептик воситалар тарқатилди. Энг кўп чиқинди тўплаган ва фаол иштирок этган акция иштирокчилари турли номинациялар бўйича диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Бугун ушбу Шароф Рашидов тумани, “Тоқчилик” МФЙга чиқиндиларни тозалаш учун кўнгилли бўлиб келдик, – дейди Жиззах шаҳри “Кимёгар” МФЙда яшовчи, волонтёр Гулноза Мансурова. – Кўчанинг икки томони ҳам чиқиндилар билан тўлиб- тошиб кетган экан. Жуда хунук кўриниш. Жиззах шаҳридаги ҳар бир маҳаллага чиқинди контенерлари қўйилган. Лекин Шароф Рашидов туманидаги ушбу маҳалла бундан мустаснога ўхшайди. Акс ҳолда чиқиндиларни йўлнинг икки четига улоқтириб кетишмаган бўларди. Одатда ҳар бир оилага кириб, чиқиндиларни саралаб алоҳида-алоҳида халталарга жойлаб, белгиланган ҳудуд ёки чиқинди контенерларига ташлаш таъкидланади, бу ерда МФЙ раиси, фаоллари бу ишни қилишмаган кўринади.
[gallery-16687]
– Бутун республикамиз бўйлаб 30 март – Халқаро чиқиндисиз кун муносабати билан “Чиқиндисиз дунё учун!” шиори остида умуммиллий акция ўтказилмоқда, – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари бошқармаси бўлим бошлиғи Камолиддин Аҳадов. – Шу жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам ушбу тадбир кўтаринки руҳда ўтказиляпти. Бу ерда ташкил этилган тозалик акцияси тадбири Шароф Рашидов туман “Тоқчилик” МФЙдан туман маркази – Учтепа даҳасига олиб борилувчи Тут қатор кўчасида ўтказилмоқда. Тадбиримизда бир қатор ташкилот, маҳалла, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, санитария тозалаш корхоналари, ишчи-хизматчилари, кўнгилли ёшлар, яъни волонтёрлар қатнашмоқда.
Тадбирда “Саноат қурилиш банк” Жиззах вилояти филиали вакиллари фаол иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.Давлат– хусусий шерикчилиги тамойили асосида “Эко-сфера” МЧЖ томонидан ушбу ҳудудга 2 дона кузатув камераси ўрнатилди. Яна чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаб кетиш ҳолати рўй берган тақдирда, ана шу кузатув камералари орқали ҳолат кузатиб борилади ва бу ишни қилган фуқароларга нисбатан жазо чоралари кўрилади.
Куннинг иккинчи ярмида “Ekolog.uz” жамоат бирлашмаси томонидан ҳам мазкур экологик сана доирасида Жиззах шаҳрининг “Наврўзбулоқ” сайилгоҳи ҳудудида чиқиндиларни югуриб йиғиш бўйича ёшлар ўртасида “плоггинг” тадбири ўтказилди.
Ушбу “плоггинг” доирасида сайилгоҳ турли чиқиндилардан тозаланди. Унда Жиззах шаҳар экология инспекцияси мутахассиси иштирок этиб, ёшларга чиқиндиларни йиғиш, уларни белгиланган жойларга ташлаш ва бу борада уларнинг экологик билим ва кўникмасини ошириш бўйича тушунтириш ишларини олиб борди.
БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрдаги мажлисида 30 мартни ҳар йили нишонланадиган “Халқаро чиқиндисиз кун” деб эълон қилиш тўғрисида резолюцияни қабул қилган.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/L34lwSSMPr0" title="Yoʻl chetlari chiqindilardan tozalandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари