Йирик инвестиция лойиҳалари эндиликда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб этиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни жараёнда инвестиция лойиҳаларининг шаффофлиги, қонунийлиги ва рақобат муҳитига таъсирини таъминлашга муҳим вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Адлия вазирлиги томонидан “Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг давлат рўйхатидан ўтказилгани муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат 2026 йил 8 май куни рўйхатдан ўтказилди.
Йўриқномага кўра, молиявий ресурслар қиймати камида 50 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, хизматлар ёки инфратузилмаларни яратиш, кенгайтириш ҳамда модернизация қилишга қаратилган инвестиция ташаббуслари йирик инвестиция лойиҳалари сифатида эътироф этилади.
Эндиликда бундай лойиҳалар фақат иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан эмас, балки коррупция хавфлари ва рақобат муҳитига таъсири жиҳатидан ҳам чуқур таҳлил қилинади. Бу эса давлат маблағлари ва инвестиция ресурсларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.
Йўриқномада белгиланишича, коррупцияга қарши экспертиза ва рақобат муҳитига таъсирни баҳолаш ишлари давлат органлари ҳамда ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан амалга оширилади. Мазкур тартиб лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнида инсон омилини қисқартириш, шаффофликни кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Муҳим жиҳатлардан яна бири — хавф даражаси юқори деб топилган инвестиция лойиҳалари бўйича салбий хулоса берилиши мумкинлиги ҳисобланади. Бу эса коррупциявий омиллар мавжуд бўлган ёки рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташаббусларнинг амалга оширилишига чеклов ўрнатади.
Шунингдек, экспертиза ёки баҳолаш натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилмас экан, лойиҳани маъқуллашга йўл қўйилмайди. Бу тартиб инвестиция жараёнларида масъулият ва интизомни кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Мазкур йўриқнома мамлакатда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш ҳамда коррупция хавфларини барвақт аниқлашда муҳим ҳуқуқий механизм вазифасини бажаради. Энг муҳими, бу каби ёндашувлар халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаб, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА