“Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқич натижалари маълум бўлди
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқич синов натижалари маълум бўлди.
Жорий йилнинг июль ойида танловнинг учинчи босқич синовлари юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтди. Унда танловнинг иккинчи босқич натижаларига кўра саралаб олинган 416 нафар талабгор педагог иштирок этиб, ўзаро беллашди. Танловнинг мазкур босқичида номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимоти 20 баллик, китобхонлик даражаси эса тест синовлари асосида 80 баллик тизимда баҳоланди.
Тақдимот ва тест синовлари натижаларидан норози бўлган номзодларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда апелляция комиссияси аъзолари томонидан кўриб чиқилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида номзодларнинг баҳолари ўзгаришсиз қолдирилди. Танловнинг учинчи босқич натижалари педагогларнинг pedagog.uzedu.uz платформасидаги шахсий кабинетларига юборилган.
Танлов ғолиблари ҳақидаги маълумотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий каналлари орқали эълон қилинади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолиб педагоглар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА