“Йил аёли” танлови ғолиблари тақдирланди
Нукусда “Йил аёли” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари тақдирланди.
Мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жойларда «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорибу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-4668]
Хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор натижасида уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли тобора ортмоқда. Давлатимиз раҳбари лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этмоқдалар. Ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётгани сизларга яхши маълум”,деган эди.
Хотин-қизларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган “Аёллар дафтари” орқали Қорақалпоғистон Республикасида 48 минг 491 нафар аёлга моддий-маънавий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилди. Шу жумладан, 7 минг нафарига ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 67 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. “Аёллар дафтари” жамғармасидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга 13 миллиард сўмдан зиёд маблағ берилди.
“Йил аёли” танловини ўтказишдан мақсад мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзлари фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларини оммалаштиришдан иборат.
Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Кегайли туманидаги “Орзу” фермер хўжалиги раҳбари Палзада Салиева биринчи, Тўрткўл туманидаги “Шорахон” овул фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Ўрингул Аллабергенова иккинчи, Қонликўл туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Нигора Алламбергенова учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”,“Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”,“Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи ташкилотчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Санъат усталарининг концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА