Ёшларга эътибор ва ғамхўрлик янада юксалади
Давлатимиз раҳбари ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказилган учрашувда 2020 йилдан бошлаб ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш бўлишини таъкидлади.
Учрашувда давлатимиз раҳбари ёшларнинг фикрларига қулоқ тутди, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини жадал ривожлантиришга доир долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.
– Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, – деди Президентимиз.
Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Юртимизда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди. Глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, Президентимиз маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, – деган сўзларини ёдга олди.
Давлатимиз раҳбари ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берди. Беш ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Университетимизда бу борада қатор амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида Мусиқа таълими кафедраси қошида дуторчилар, доирачилар, ўзбек халқ чолғу асбоблари ансамбли, Муҳандислик графикаси кафедрасида мусаввир, ёш муҳандислар, дизайн, Тасвирий санъат кафедраси ҳузурида амалий санъат тўгараклари ташкил этилди. Бу тўгаракларга факультетдаги барча ёшлар қатори, Самарқанд шаҳрининг Боғисарой ва Боғбонлар маҳаллалари ёшлари ҳам жалб этилди.
Университетимизда талаба-ёшларнинг билимини мустаҳкамлаш, уларга ижодий салоҳияти ва иқтидорини намойиш қилиш учун имконият яратиш, зарарли оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашга эга этиб тарбиялаш, ёшларда жамият ҳаётига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, шунингдек, республика миқёсидаги танловларда муносиб иштирок этиши учун имконият яратиш мақсадида ҳар йили “Университет баҳори” талабалар фестивали ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, таълим муассасамизда ёшларни жисмонан чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён этиши учун ҳам зарур шароит яратилган. Бунинг натижасида талабаларимиз турли спорт мусобақаларида ютуқларни қўлга киритмоқда. Жумладан, ўтган йил 22-30 октябрь кунлари Хитой Халқ Республикасида ўтган Ипак йўли халқаро футбол мусобақасида СамДУ талабалари жамоаси иштирок этиб, 2-ўринни қўлга киритди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бешта муҳим ташаббус доирасида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилган талабалар фестивалида Самарқанд давлат университети талабалари ҳам муносиб иштирок этди. Спортнинг кураш тури бўйича қатнашган жамоамиз умумий жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Талабаларимиз вилоят миқёсида ўтказилаётган марафонларда ҳам фаол қатнашмоқда. Хусусан, 2019 йил 3 ноябрь куни Самарқандда ўтказилган халқаро марафонда минг нафардан ортиқ талаба фаол иштирок этди.
Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган ташаббус доирасида университетнинг барча биноларида Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилди, ушбу ҳудудлардан барча фойдаланиши мумкин.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Талаба-ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш ва уларнинг бадиий адабиётга қизиқишини ошириш мақсадида ҳар пайшанба куни университетда “Китобхонлик куни” деб эълон қилинган.
Талабаларда китобхонликка қизиқишни ошириш мақсадида кутубхоналарни янги бадиий адабиётлар билан таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилда университетга 469 номдаги бадиий асарлар харид қилинди.
“Бир талабага бир китоб” лойиҳаси ва “Зукко китобхон” кўрик-танлови, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан ижодий учрашувлар ўтказилаётгани ёшларнинг бадиий адабиётга қизиқишини кучайтирмоқда. “Мен севган адиб”, “Энг фаол китобхон”, “Зукко китобхон”, “Мен севган бадиий асар”, “Энг яхши бадиий асар тарғиботчиси”, “Мен ёқтирган қаҳрамон” каби тадбирлар ва “Оилам китоб ўқийди” акцияси ҳам шулар жумласидан.
Ўтган йили мамлакатимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу тажриба асосида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номларидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббус ҳам ўсиб келаётган авлодни халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнини топишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ёшларнинг орзу-мақсадлари билан қизиқмаган, уларга тўғри йўл кўрсатмаган миллатнинг келажаги ҳам бўлмайди. Шу жиҳатдан Президентимизнинг яқинда ёшлар билан учрашувда билдирган танқидий фикрлари ёшлар билан ишлаётган масъулларга жуда катта масъулият юклади.
Янги йилдан ёшлар билан ишлашни, уларнинг орзу-ўйлари билан шуғулланишни, олий таълим тизимининг ривожланиши, тараққий этишида уларнинг фикрлари, ғояларини қўллашни тизимли амалга оширамиз.
Алишер ЭШТАЕВ,
Самарқанд давлат университетининг
ёшлар билан ишлаш бўйича проректори