Ёшлар ойлиги қандай ташкил этилади
Мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан «Ёшлар ойлиги»ни ўтказиш анъанага айланган.
Мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан «Ёшлар ойлиги»ни ўтказиш анъанага айланган.
Бу йил коронавирус пандемияси бутун дунёда жамият ҳаётида режалаштирилган ишлар ва тадбирларга муайян ўзгартиришлар киритишга мажбур қилди. Фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, касаллик тарқалиши йўлига ғов қўйиш мақсадида қатъий эҳтиёт чоралари, карантин тартиби жорий қилинди.
Хўш, бундай вазиятда ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга «Ёшлар ойлиги» каби мақсад-манзилли тадбирлар, анъаналар қандай ўтказилади ёки улар ҳам номаълум муддатларга кечиктириладими?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларга шу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки анжуман пандемия даври учун белгиланган санитария-гигиена, эпидемиология талабларига тўла риоя қилинган ҳолда ташкил этилди.
Унда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг раиси А.Мўминов, кенгаш раисининг ўринбосари Б.Мирзаатов вилоятда «Ёшлар ойлиги»ни ўтказиш тартиби ҳамда ойлик дастурида кўзда тутилган тадбирлар ҳақида ахборот берди. Қайд этилишича, ойлик 6 бўлим ва 29 банддан иборат дастур асосида онлайн тартибда ташкил этилади.
Жумладан, дастурнинг 1-бўлимида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида «Ёш китобхон» кўрик танлови барча босқичи иштирокчиларининг китобхонлик тарғиботига қўшаётган ҳиссаси ҳақида репортажлар намойиши, масъул давлат идоралари раҳбарлари, маданият, санъат, адабиёт, спорт соҳаси вакиллари билан мулоқотлар, китоблар тақдимоти ўтказиш кўзда тутилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирларини қамраб олган иккинчи бўлим режаларидан «Бунёдкор» ёшлар меҳнат отрядлари тарғиботи, бемор болалар учун қон топшириш акцияси, «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи таълим гранти» ғолибларини эълон қилиш, замонавий касблар бўйича маҳорат дарсларини ташкил қилиш, Ёшлар иттифоқи тизимидан раҳбарлик лавозимларига кўтарилиб, эл-юрт равнақи йўлидаги фаолияти билан намуна бўлаётган ёшлар ҳақида репортажлар намойиши, ҳарбий хизматдан қайтиб контракт шартномаси асосида ўқиётган талабаларга моддий қўллаб-қувватлаш борасида махсус сертификатлар топшириш тадбирлари ўрин олган.
Шунингдек, дастурнинг ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича учинчи бўлимига мувофиқ халқаро молиявий саводхонлик ҳафталиги доирасида ўтказилган масофавий курсни муваффақиятли тамомлаган ҳамда Ёшлар иттифоқининг синов амалиёт дастури иштирокчилари тақдирланади.
Ойлик дастурининг кейинги бўлимларида «Ҳоким ва ёшлар», «Сенатор ва ёшлар», «Прокурор ва ёшлар», «Орамиздаги қаҳрамонлар», «Куч-қудратимиз – бирдамлигимизда» мавзуларида онлайн мулоқотлар, онлайн концерт дастурлари ва конференциялар ташкил этилади. «Мард ўғлон» давлат мукофоти ҳамда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилади.