Ёшлар фаоллигини оширишда муҳим қадам
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ёшлар сиёсатига оид белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича тушунчалар берди.
Таъкидлаш керакки, юртимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Бугунги кунда уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шунга қарамасдан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
– Сўнгги йилларда ўсиб келаётан авлодга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилди, – деди уюшма матбуот котиби Жамшид Шерметов. – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Ҳозирда иттифоқнинг 7 миллион 690 минг нафар аъзоси мавжуд. Бугунги кунда уюшма ишчи-ходимларининг 50 фоизи ёшлардан иборат. Унда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти тузилган. У белгиланган мақсад ва вазифалар, иш режасига мувофиқ фаолият олиб боради. Шу маънода, бугунги тадбир уюшмамиз ёшларининг фаоллигини оширишда муҳим қадамдир. Амалга ошириладиган ишлар ва истиқболдаги режалар баробарида унда спорт машғулотлари, ёшлар ўртасида саводхонлик масаласи, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, малака ошириш ва сиртқи бўлимларда олий маълумот олиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.