Ёшлар етакчиси ишга қайта тикланди
Мурожаат адлия ходимлари томонидан жойида ўрганиб чиқилди.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро Тўлқин Раҳимов туман адлия бўлимига мурожаат қилиб муқаддам Қоракўл туман 17- умумтаълим мактабида ёшлар етакчиси лавозимида ишлаганлигини билдирган. Бироқ 2020 йил 6 март куни вилоят ишчи гуруҳи томонидан ҳудудий танлов комиссиясининг огоҳлантириш хати асосида у билан тузилган меҳнат шартномаси ноқонуний тарзда бекор қилинганлигини маълум қилган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан жойида ўрганиб чиқилди.
– Аниқланишича, мурожаат муаллифи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқга асос кўрсатилган огоҳлантиришда ходим билан меҳнат шартномаси қайси ҳуқуқий ҳужжатга асосан бекор қилиниши кўрсатилмаган, – дейди Қоракўл туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Воҳид Ҳазратқулов. – Ходимга нисбатан ҳеч қандай интизомий жазо чоралари қўлланилмаган. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлсада, касаба уюшмасининг розилиги олинмаган. Иш берувчи томонидан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш берилмаган. Ходимдан тушунтириш хати олинмаган ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш буйруғи билан ходим таништирилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб туман адлия бўлими томонидан мурожаат муаллифи манфаатини кўзлаб, туман 17-умумтаълим мактаби директорининг 2020 йил 6 мартдаги 30-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топиб, фуқаро Т.Рахимовни ўз лавозимига тиклаш ва етказилган зарарни қоплаш ҳамда прогул вақти учун ҳақ тўлаш юзасидан ФИБ Қоракўл туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилди. Туман 17-умумтаълим мактаби директорининг 2020 йил 6 мартдаги 30-сонли буйруғи бекор қилинди. Мурожаат муаллифи ёшлар етакчиси лавозимига тикланиб, мажбурий прогул кунлари учун жами 5 миллион 267 минг 286 сўм ундирилиши белгиланди.