“Ёш китобхон” танловида шаҳарликлар устунлик қилди
Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган кўрик-танловнинг саралаш босқичида вилоятнинг 88 минг нафардан зиёд ёшларидан аризалар қабул қилинди.
Ўзбек адабиётининг нодир мероси, ёзувчи-шоирларимизнинг ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичида энг билимли, зукко деб топилган 58 нафар иштирокчи 3 та ёш тоифасида билимини синовдан ўтказди.
“Буюк мутафаккир ва адиб” ва “Бадиий асарлар билимдони” шартлари бўйича ўтказилган китобхонлик беллашувида 10-14 ёш тоифасида Чирчиқ шаҳридан Отабек Эшпўлатов 1-ўринни қўлга киритди. У энди танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади. Мазкур ёш тоифасида 2-ўрин оққўрғонлик Камрон Файзуллаев, 3-ўрин эса Қуйи Чирчиқ туманидан Одина Абдукаримовага насиб этди.
15-19 ёшлилар ўртасида Олмалиқ шаҳридан Нигора Асқаралиева ғолиб бўлди ва танловнинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ангренлик Отабек Бакиров 2-ўринга, паркентлик Бахтиёр Қўзиев эса 3-ўринга сазовор бўлди.
20-30 ёшлилар ўртасида эса Бўстонлиқ туманидан Гулруҳ Қурбонова ғолибликни қўлга киритиб, кейинги босқичга йўлланма олди. Ушбу ёш тоифасида Ўрта Чирчиқ туманидан Нозима Йўлдошева 2-ўрин, оққўрғонлик Шаҳноза Маҳкамова эса 3-ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.