Жадидларга муносиб авлод
Наманганда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Жадидлар изидан” республика танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ушбу танлов маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти, фаолияти ва бой меросини кенг тарғиб этиш, ўқувчиларнинг тарихий тафаккури, китобхонлик маданияти ҳамда ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилди.

Тадбир аввалида Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров танлов қатнашчиларига омад ва зафарлар тилади.

Қайд этиш жоиз, вилоят бўйича танловда иштирок этиш учун жами 61 минг 489 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтди. Саралаш босқичлари якунида туман ва шаҳар босқичларида биринчи ўринни эгаллаган 28 ўқувчи вилоят босқичида баҳслашди.

Иштирокчилар 6-8 ҳамда 9-10-синфлар тоифалари бўйича бошқотирма, асар таҳлили ва иншо шартлари асосида ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.

Танлов якунларига кўра, биринчи ёш тоифасида Чортоқ туманидан Сабрина Отавалиева ғолибликни қўлга киритди. Уйчи туманидан Наргиза Адашалиева фахрли иккинчи, Поп туманидан Дилнавоз Неъматжонова учинчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ёш тоифасида Янгиқўрғон туманидан Нафосат Исоқжонова зафар қучди. Давлатобод туманидан Руҳшона Абдуғаниева иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Учинчи ўрин эса Чортоқ туманидан Рўзиаҳмад Абдувалиевага насиб этди.

Танлов ғолиблари Республика финал босқичида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилишади.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири