Яйлов хўжалигини ривожлантириш янги босқичга кўтарилмоқда
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Конимех туманидаги Шўркўл қишлоғи яқинида Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Навоий тажриба участкаси учун ажратилган ҳудудда бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг даромадларини оширишдан иборат. Айниқса, чўл ва яйлов ҳудудларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илмий ёндашув асосида янги технологияларни жорий этиш долзарб вазифалардан саналади. Жумладан, Навоий вилояти Конимех туманида йўлга қўйилаётган яйлов ўсимликлари уруғчилиги ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир.
2000 гектар майдонни қамраб оладиган мазкур ҳудудда чўл ва яйлов шароитига мос, чорва ҳайвонлари учун озуқа бўладиган ўсимликларни етиштириш, уларнинг уруғларини кўпайтириш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш режалаштирилган.

– Лойиҳанинг дастлабки босқичида 5 гектар майдонда тажриба сифатида турли препарат ва элементларнинг ўсимликлар ўсиши ва ривожланишига таъсири ўрганилади, – дейди филиал бошлиғи Облоқул Ҳамитов. – Жумладан, алоҳида майдонларда хамиртуруш (дрожжа) ва шакар, борий кислотаси, кремний, марганец ҳамда аспирин аралашмаси асосидаги тажрибалар ўтказилади. Тажриба жараёнида ўсимликларнинг униб чиқиши, илдиз тизимининг ривожланиши, ўсиш динамикаси ва ҳосилдорлиги мунтазам кузатиб борилади. Олинган натижалар илмий таҳлил қилиниб, энг самарали усулларни аниқлашга хизмат қилади. Бу эса аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бири – қарорларни илмий ёндашув ва амалий натижа асосида қабул қилишга мос келади. Самарадорлиги юқори бўлган технологиялар кейинчалик кенг жорий этилиб, яйлов хўжалигида фойдаланиш учун технологик тавсиялар ва дастурлар ишлаб чиқилади.
Лойиҳада илмий-тадқиқот институтларининг салоҳиятидан кенг фойдаланиш, маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос яйлов ўсимликларини аниқлаш ҳамда уларнинг уруғчилигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда ижтимоий масалалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Ҳудудга яқин қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳоли ва ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш, маҳаллий аҳолини янги агротехнологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш кўзда тутилган.

Кейинчалик “Конимех тажрибаси” натижасида самарадорлиги юқори бўлган усул аниқланиб, уни республика миқёсида яйлов хўжалигини ривожлантириш амалиётига жорий этиш режалаштирилган.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири