Талабалик – катта йўлнинг бошланиши
Янги ўқув йилида Жиззах давлат педагогика университетида 3360 нафар ёш талабалар сафига қўшилди. “Талабаликка бағишлов”, “Мустақиллик дарси”, университетдаги таълим, илм-фан, спорт ва маданият учун яратилган шароитлар билан танишув тадбирларини ўтказишдан мақсад битта – билимли, мустақил фикрлайдиган ва Ватанга дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган авлодни тарбиялаш.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг талаба-ёшларга йўллаган табригини вилоят ҳокими ўринбосари Дилмурод Худойшукуров ўқиб эшиттирди. Илм-фан ва спортда юқори натижаларга эришган талабаларнинг тақдирлангани эса янги авлодга берилган эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Улар орасида 189 балл билан давлат гранти асосида инглиз тили йўналишига қабул қилинган биринчи босқич талабаси Юлдуз Мамированинг натижаси алоҳида эътироф этилди.
Меҳмонлар университетдаги таъмирланган ўқув бинолари, замонавий хоналар, Аниқ фанлар ва педагогика олий мактаби, ин-витро лабораториялари, спорт мажмуалари, кутубхона, сузиш ҳавзаси билан танишди. Маданият саройида оркестр ва мақом жамоаларининг фаолияти намойиш этилди.
[gallery-31302]
Талабанинг таълим ва тарбияси уйғун олиб борилиши керак. Китоб унинг тафаккурини, спорт иродасини, санъат эса қалбини бойитади. Булар бирлашгандагина комил шахс тарбияси ҳақида сўз юритиш мумкин.
Шунинг учун биринчи босқич талабалари учун ўтказилган “Мустақиллик дарси”нинг мазмуни ҳам муҳим. Дарсда мамлакат тараққиёти, мустақилликнинг аҳамияти, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Профессор-ўқитувчилар ва университет фахрийлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Талабалар ҳам савол берди. Чунки ёшларга тайёр хулосани етказиш осон, уларни мустақил фикрлашга ўргатиш эса анча мураккаб. Аслида, олий таълимнинг энг катта вазифаларидан бири ҳам шу.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари