Яширин нарколаборатория фош этилди
Тошкентда яширин нарколаборатория фош қилинди. Унда 23 кг.дан зиёд кучли таъсир қилувчи моддалар борлиги аниқланган. Бу ҳақида Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ходимларидан иборат махсус тезкор гуруҳ томонидан кучли таъсир қилувчи моддаларни республикамизга олиб кириш ва тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахснинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманида ижарага олинган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлашга мўлжалланган яширин нарколаборатория ташкил қилгани аниқланди.

Мазкур хонадонда ҳамда пойтахтнинг Учтепа тумани ва Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги хонадонларда прегабалин, тропикамид, трилон каби кучли таъсир қилувчи моддалар, уларни тайёрлашда фойдаланиладиган прекурсорлар, қайта ишлаш ва тақсимлашга мўлжалланган тарози, кольба, миксер каби лаборатория жиҳозлари, дориларни солишга мўлжалланган пластик бўш идишлар борлиги аниқланди.

Ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида яширин «нарколаборатория»дан жами оғирлиги 19 кг 225 гр «прегабалин», 2 кг 960 гр «тропикамид», 1,2 кг «трилон» кучли таъсир қилувчи моддалари, 20 литр хлорид кислотаси, 19 номдаги 1746 дона лаборатория ускуна ва жиҳозлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши кузатилди.
Ш. Маматуропова,
ЎзА