Яширин цех фош этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди.
Жумладан, фуқаро О. А. Нукус тумани ҳудудидаги хонадонда яширин цех очиб, қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётганлиги аниқланди. Ундан 44 минг 573 дона штрих код, 12 минг 346 дона қалбаки акциз марка, 5 минг 62 дона қопқоқ, 1 минг 22 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулоти, 237 литр спирт ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (Этил спиртини, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири