Тошкент ва Москва шаҳар бошқаруви бўйича тажриба алмашди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Россия Федерацияси Москва шаҳар Думаси раиси Алексей Шапошников бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари нафақат давлатлараро, балки ҳудудлар ва йирик мегаполислар даражасида ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, икки мамлакат пойтахтлари — Тошкент ва Москва ўртасидаги кўп қиррали алоқалар, шаҳар бошқаруви ва маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай амалий мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган учрашувда Тошкент ва Москва ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, маҳаллий вакиллик органлари фаолияти ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, депутатлик назоратини кучайтириш, аҳолининг долзарб муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, меҳмонлар Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялар фаолияти билан таништирилди. Маҳаллий бошқарувда очиқликни таъминлаш, жамоатчилик билан мулоқотни кенгайтириш ва депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, учрашув Тошкент ва Москва ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, икки пойтахтнинг маҳаллий бошқарув соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА