Яшилликдан кўзлар қувнайди, дил яйрайди
Атроф-муҳит мусаффолигини асраш, табиат яшиллигини муҳофаза қилиш – хайрли иш. Шунинг учун ҳам Президентимиз бошлаб берган “Яшил макон” умуммиллий ташаббусини ҳаётга кенг татбиқ этишга барча бирдек фаол иштирок этмоқда.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, талабалари бу каби хайрли ишларда ҳамиша фаол бўлиб келган. Бугун ҳам ушбу анъанага мувофиқ “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ҳар биримиз фаол бўлайлик!” шиори остида кўчат экиш тадбири ўтказилди.

– Ҳозирда юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, яшиллик либосига ўранган табиатнинг тароватидан баҳри дилингиз очилади, – деди институт ректори Орифжон Бозоров. – Бу ниманинг самараси. “Яшил макон” умуммиллий дастурининг ва бунда фаоллик, фидойилик, фидокорлик намуналарини кўрсатаётган миллионлаб инсонларнинг меҳнати меваси бу. Ушбу саъй-ҳаракатлар фақат ниҳолларни ерга қадаш билан якун топмайди. Балки, уни вояга етиб, улкан дарахтга, боғ-роғларга айлангунига қадар узлуксиз давом этади.
Тадбир вилоят фахрийлари – Январ Иноятов, Эсон Ражабов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев, кекса профессор-ўқитувчилар иштироки билан файзли бўлди. Нуронийларимиз ёшлар кўмагида дарахт кўчатларини ўтқазди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 12 минг туп атиргул, терак ва тол қаламчалари, 170 дона манзарали ва 370 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.