Яшил уммон: Зомин тоғлари чорлаганда
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил”
Бугун юртимизда туризм жадал ривожланмоқда ва бу миллий ҳаракатга айлани ҳам бор гап. Илгари тарихий обидалар ва сўлим гўшаларда фақат хорижлик сайёҳларни кўришга ўрганиб қолган эдик. Бугун эса манзара бутунлай ўзгарган. Ўз ватанини қайта кашф этаётган, унинг гўзаллигидан ҳайратланаётган маҳаллий саёҳатчилар оқими кун сайин кўпаймоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 12 январдаги фармони билан ҳаётга татбиқ этилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури бу борада янги имкониятлар эшигини очди десак, муболаға бўлмайди. Жумладан, шунга асосан Тошкент давлат шарқшунослик университети Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан университет профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари иштирокида Жиззах вилоятининг дурдонаси ҳисобланган Зомин туманига саёҳат ташкил этилди.

Зомин ўзининг мусаффо тоғ ҳавоси, ям-яшил арчазорлари ва маҳобатли қоялари билан шарқшуносларни биринчи сонияларданоқ маҳлиё этди. Минг йиллик тарихдан сўйловчи кўҳна чинор дарахти пойида суҳбат қуриш, табиатнинг бетакрор санъат асари бўлмиш тошли қояларни томоша қилиш ҳар бир иштирокчига ўзгача илҳом бағишлади. Кундалик иш ташвишларидан узилиб, соф табиат бағрида нафас олиш соғлом турмуш тарзининг энг гўзал намунаси бўлди. Арчазорлар бағридаги мўъжизавий масканлар эса бутун чарчоқларни унутишга асос бўлди.

Саёҳат давомида иштирокчилар нафақат табиат гўзаллиги, балки ўлканинг бой тарихий ва маънавий хазинаси билан ҳам танишдилар. Зомин қадимдан Буюк ипак йўлининг муҳим тармоқларидан бири, маданиятлар туташган маскан бўлган. Жамоа аъзолари ҳудуддаги табаррук масканлар – Ислом оламида юксак ҳурматга эга бўлган Хожа Шермуҳаммад Валий (Сўфи Оллоёр даврига оид) зиёратгоҳи, қадимий қалъа харобалари ва сирли Пешағор ғори ҳақидаги тарихий маълумотлардан баҳраманд бўлдилар. Тоғ бағридаги ушбу қадамжолар ва тарихий обидалар шарқшунос олимларда алоҳида илмий ва маънавий қизиқиш уйғотди. Асрлар қаърига қилинган саёҳат эса Зоминнинг тарихий мероси нақадар қадимийлигидан дарак берди.

Саёҳатнинг энг ҳаяжонли ва унутилмас қисми, шубҳасиз, Зоминнинг рамзига айланиб улгурган машҳур шишали осма кўприк бўлди. Узунлиги 305 метр, баландлиги эса нақ 150 метрни ташкил этувчи ушбу муҳандислик мўъжизаси устидан ўтиш ҳар бир саёҳатчига бир олам унутилмас таассуротлар тақдим этди. Швейцариянинг машҳур “Fatzer AG” company ускуналари асосида бунёд этилган ва бир вақтнинг ўзида 600 нафар одамни бемалол кўтара оладиган бу кўприкдан туриб очиладиган манзара ҳаммани лол қолдирди. Гўзаллик ва 150 метр баландликдаги ҳайрат бир уйғунликни ўзида мужассам этди.
Ушбу саёҳат шунчаки томоша эмас, балки университет жамоасини янада жипслаштирган, улар ўртасидаги самимият ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаган маданий тадбирга айланди. Йўл давомида ва дам олиш лаҳзаларида Зоминнинг табиий бойликлари ва туризм имкониятлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкин, бу каби саёҳатлар юртимизнинг бетакрор гўшаларини тарғиб қилиш билан бирга, ички туризмни янги босқичга олиб чиқишда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилади. Зомин тоғлари эса янги марралар ва илмий зафарлар олдидан шарқшуносларга улкан куч ва қувват бағишлади.
Асрор Сулаймонов, ЎзА.