Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий туристлар сони ортиши кутилмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти халқаро майдонда тобора юксалиб бормоқда. Қадимий шаҳарлар, бой маданий мерос, зиёрат туризми, миллий таомлар ва замонавий инфратузилманинг уйғунлиги мамлакатимизга бўлган қизиқишни янада оширмоқда. Хусусан, визасиз тартибнинг кенгайиши, авиақатновлар сонининг ортиши ҳамда халқаро фестиваллар ва маданий тадбирлар оқими туристлар сонининг кескин кўпайишига хизмат қилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида жами 4 048 417 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 930,8 минг нафарга ёки 29,9 фоизга ошгани мамлакат туризм соҳаси жадал ривожланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистонга энг кўп турист ташрифи қайд этилган ТОП-10 давлат:
— Қирғизистон — 1 141 581 нафар
— Тожикистон — 965 488 нафар
— Қозоғистон — 935 003 нафар
— Россия — 341 842 нафар
— Афғонистон — 161 537 нафар
— Хитой — 132 240 нафар
— Туркманистон — 108 433 нафар
— Туркия — 57 686 нафар
— Ҳиндистон — 16 057 нафар
— Жанубий Корея — 12 145 нафар
Айниқса, Марказий Осиё давлатларидан келувчи туристлар улушининг юқорилиги минтақадаги яқин иқтисодий ва маданий алоқалар мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Корея каби Осиё давлатларидан ташрифлар кўпайиб бораётгани Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Йил якунига қадар Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий туристлар сони янада ортиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА